28.03.2024, Пайшанба

Юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш ва даволаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори


Аҳолига кўрсатилаётган кардиологик ва кардиожарроҳлик хизматлари сифатини яхшилаш, ҳудудларда юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш, барвақт аниқлаш ва самарали даволаш ишларини кенгайтириш, беморлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларни зарур дори воситалари билан узлуксиз таъминлаш ҳамда Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази фаолиятини трансформация қилиш мақсадида:

1. Қуйидагилар юрак-қон томир касалликларининг олдини олишда асосий йўналишлар этиб белгилансин:

бирламчи тиббиёт муассасалари томонидан даврий тиббий кўрикларни йўлга қўйиш ҳамда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш;

эҳтиёжманд аҳоли қатламларини зарур дори воситалари билан бепул таъминлаш;

ҳудудларда кўрсатилаётган юқори технологик, кам инвазив кардиологик ҳамда кардиожарроҳлик тиббий хизматлар кўламини ошириш;

бирламчи бўғиндаги мутахассисларнинг касбий кўникмаларини ривожлантириш ва салоҳиятини ошириш, соҳада илм-фанни ривожлантириш;

юрак-қон томир касалликлари бўлган беморларга тиббий хизмат кўрсатиш тизимини рақамлаштириш.

2. Соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинида аҳоли билан бевосита маҳаллада ишлайдиган “тиббиёт бригадалари” ва оилавий поликлиникалар ролини тубдан ошириш ҳамда юрак-қон томир касалликларини эрта аниқлаш ва уларнинг олдини олиш мақсадида 2022 йилдан бошлаб:

йилига бир марта 18 ёшдан 40 ёшгача бўлган аҳолининг саломатлик профилини (овқатланиш характери, тамакига қарамлик, тана вазни индекси, артериал босим, қондаги қанд ва холестерин даражаси ва бошқалар) баҳолаш;

40 ёшдан ошган аҳолини оилавий поликлиника ва тиббиёт бригадалари орқали йилига камида бир марта манзилли скрининг текширувларидан ўтказиш;

юрак-қон томир касалликлари аниқланган беморларнинг ягона электрон реестрини юритиш ҳамда ушбу турдаги касалликлари мавжуд “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”да бўлган 200 мингдан зиёд аҳолига эналаприл (Enalapril) дори воситасини бепул тарқатиш;

эҳтиёжга кўра туман (шаҳар) шифохоналари лабораторияларини коагулометр ускунаси ҳамда зарур реактивлар билан тўлиқ таъминлаш йўлга қўйилсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6099-сон фармонига мувофиқ, юриш, югуриш, мини-футбол, велоспорт, бадминтон, стритбол, “Workоut” (маҳалла ва кўча фитнеси) спорт турларини оммавийлаштириш ва ривожлантириш дастурларини амалга ошириш учун Давлат бюджетидан 2021 йилдан бошлаб ҳар йили 104 миллиард сўмдан маблағлар ажратилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) ҳокимлари:

а) Туризм ва спорт вазирлиги (А.Каримов), Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги (Р.Маматов) билан биргаликда:

ҳар йил якунида замонавий фитнес учун шароитга эга кўчаларни барпо этиш мақсадида намунали маҳаллалар рўйхатини шакллантириб борсин;

ҳар йили туман ва шаҳарларда замонавий фитнес учун шароитга эга кўчалари мавжуд бўлган биттадан намунали маҳаллаларни ташкил қилсин;

б) Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Иноятов) билан биргаликда 2022 йил якунига қадар туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида юқумли бўлмаган касалликлар, шу жумладан, юрак-қон томир касалликлари ва уларнинг асоратлари профилактикаси, ўз касаллигини доимий назорат қилиб бориш кўникмасини шакллантиришга қаратилган “Профилактика мактаблари”ни ташкил этсин.

Бунда, “Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи” хоналарини ташкил этиб, беморларни 35 турдаги тарқатма материаллар билан таъминласин.

4. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б.Мусаев), Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази (Х.Фозилов):

а) 2023 йил 1 январга қадар:

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Шерматов) билан биргаликда тиббиётнинг бирламчи бўғинида фаолият юритувчи оилавий шифокорлар ишини соддалаштириш ва самарадорлигини ошириш мақсадида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг протоколига асосланган юрак-қон томир касалликлари хавф-стратификациясини баҳолаш учун мобил илова яратиб, амалиётга татбиқ этсин;

асосланган ҳисоб-китоблар ҳамда эҳтиёжга кўра, туман (шаҳар) шифохоналарини 4 турдаги кардиология ускуналари билан жиҳозлаш ҳисобига кўрсатиладиган хизмат турлари 15 тага етказилишини таъминласин;

б) Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг (кейинги ўринларда – Марказ) ҳудудий филиалларида кардиология йўналишида юқори технологик жарроҳлик амалиётлари турини босқичма-босқич 15 турдан 35 тургача оширсин.

5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари бир ҳафта муддатда мазкур қарор талабларига мувофиқ тегишли ҳудудларда 2022-2024 йилларда кардиология ёрдами кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича ҳудудий дастурларни ишлаб чиқсин ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида кўриб чиқилиши ва тасдиқланишини таъминласин.

6. Молия вазирлиги (Т.Ишметов) 2022 йилда:

“Соғлом турмуш тарзи” платформасидан фойдаланувчиларни рағбатлантириш, уларнинг сонини янада ошириш ҳамда бу борада олиб борилаётган ишлар кўламини янада кенгайтириш мақсадида Давлат бюджетидан 100 миллиард сўм ажратилишини;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари лабораторияларини эҳтиёжга қараб коагулометр ускунаси ва зарур реактивлар билан таъминлаш ҳамда “Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи” хоналарини ташкил этиш учун ҳар бир туман (шаҳар) бюджетларида 350 миллион сўмгача маблағ кўзда тутилишини;

Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларида 4 турдаги кардиология ускуналари мавжудлиги юзасидан хатлов ўтказишни ҳамда зарур бўлган жиҳозларнинг хариди учун Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига марказлашган тартибда ажратиладиган маблағлар ҳисобидан 60 миллиард сўмгача бўлган миқдорда маблағ ажратилишини таъминласин.

7. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (У.Собиров), Марказ (Х.Фозилов):

а) 2023 йил 1 январга қадар Марказ клиникасини кўп тармоқли клиника сифатида трансформация қилиш ва зарур бўлган замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозлаш чораларини кўрсин.

Бунда:

2023 йил 1 январга қадар Марказда юрак-қон томир касалликлари илмий тадқиқотлар лабораториялари ташкил қилинсин;

2022 йил 1 февралга қадар Молия вазирлиги (Ж.Абруев), Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Ш.Вафаев) билан биргаликда Марказнинг юрак қон-томир касалликлари илмий тадқиқотлар лабораторияларини замонавий тиббий ускуналар билан 1-иловага мувофиқ таъминлаш учун халқаро молия ташкилотлари ҳамда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 5 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги маблағларни йўналтириш чоралари кўрилсин;

превентив кардиология, нур ёрдамида диагностика ва бошқа йўналишларда янги илмий тадқиқотлар учун замонавий лабораториялар ташкил этилсин ҳамда Марказда 15 дан зиёд юқори технологик амалиётларнинг йўлга қўйилиши таъминлансин;

б) икки ой муддатда юрак-қон томир касалликларини даволашда қўлланиладиган дори воситалари рўйхатини уларнинг самарадорлигини ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқсин ва ҳар йили янгилаб борсин;

в) 2022 йил 1 февралга қадар Марказнинг ички имкониятларидан келиб чиққан ҳолда мавжуд штатлар доирасида ҳудудий филиаллар билан ишлаш бўйича директор ўринбосари лавозимини жорий этсин;

г) 2022 йил якунига қадар, кейинчалик эса ҳар йили Германия, Россия ва бошқа давлатларнинг нуфузли тиббиёт муассасаларида 30 нафардан кардиолог мутахассисларнинг Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш жамғармаси ҳисобидан малакасини ошириш чораларини кўрсин;

д) 2023 йил якунига қадар Марказнинг барча ҳудудий филиалларида телемедицина ва телеметрия марказларини ташкил қилсин.

8. Қуйидагилар:

Кардиология хизматини 2022-2024 йилларда янада ривожлантиришга йўналтирилган чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда – Дастур) 2-иловага мувофиқ;

Кардиология хизматини 2022-2024 йилларда янада ривожлантиришга йўналтирилган чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш самарадорлигини аниқлаш кўрсаткичлари 3-иловага мувофиқ;

Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази филиаллари ҳамда туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларининг кардиология бўлинмаларини 2022 йилда тиббий ускуналар билан жиҳозлашга доир чора-тадбирлар 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

9. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б.Мусаев):

шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатиш зарур бўлган ҳолатларда ўткир коронар синдроми билан оғриган беморлар учун коронарография ва бирламчи стентлаш амалиётларини Марказнинг ҳудудий филиаллари, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг ҳудудий филиаллари, Туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари ҳамда бошқа ангиограф ускунаси мавжуд даволаш-профилактика муассасаларида Давлат бюджети ҳисобидан амалга ошириш;

бир миллион ва ундан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатувчи Туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказларини ангиограф ускунаси билан таъминлаш;

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги (С.Кариев) билан биргаликда икки ой муддатда юқори технологик кардиожарроҳлик амалиётлари учун ишлатиладиган бир марталик сарфлов воситалари ҳамда тромб эритувчи дори воситаларини республикамизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва уларни узлуксиз таъминлаш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

10. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Иноятов):

а) икки ой муддатда оилавий шифокор пунктлари ва поликлиникаларда фаолият юритувчи ҳамшираларнинг вазифаларини қайта кўриб чиқиб, шифокоргача ўтказиладиган тиббий кўрик турларини кўпайтириш орқали уларнинг функцияларини кенгайтириш;

б) 2022 йил якунига қадар Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази (Х.Акилов), Марказ (Х.Фозилов) билан биргаликда:

тиббиёт бригадаларининг 14 минг нафар оилавий шифокорларини касалликлар профилактикаси, уларни барвақт аниқлаш, даволаш ва бирламчи ёрдам кўрсатишга ўқитиш;

хорижда тажриба орттирган хусусий сектор вакиллари билан ҳамкорликда бирламчи бўғиндаги 500 нафар мутахассисларни кардиология ва лаборатория йўналишлари бўйича қайта тайёрлаш;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда барча оилавий шифокор пунктлари ва поликлиникаларда шифокор олди кўрик хоналарини ташкил қилиш ҳамда 15 минг нафар ҳамширани махсус курсларда ўқитиш чораларини кўрсин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б.Мусаев) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда бирламчи бўғиндаги мутахассисларни кардиология ва лаборатория йўналишлари бўйича қайта тайёрлаш учун харажатларнинг 50 фоизи Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш жамғармасидан, қолган 50 фоизи маҳаллий бюджетдан қоплаб берилишини таъминласин.

11. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (А.Ходжаев), Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (А.Хаджаев), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б.Мусаев) юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш бўйича соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ва жамоатчиликка етказиш чораларини кўрсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига 5-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

13. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб соғлиқни сақлаш вазири Б.МусаевҚорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Л.Н.Тўйчиев зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан 2022 йил якунига қадар Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот берилсин.

 

Ўзбекистон Республикаси

         Президенти                                                          Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри, 

2022 йил 26 январь