28.03.2024, Пайшанба

Аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қ а р о р и

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурига мувофиқ ихтисослаштирилган тиббий хизматни аҳолига яқинлаштириш, шошилинч тиббий ёрдамни ўз вақтида кўрсатиш ҳисобига фуқаролар ҳаётини сақлаб қолиш ва уларнинг фаол меҳнат қобилиятини тиклашга имконият яратиш, болалар, туғиш ёшидаги, ҳомиладор ва бола эмизувчи аёлларни профилактик махсус препаратлар билан бепул таъминлаш ҳамда нефрология ва гемодиализ ёрдамини кўрсатиш тизимини янада яхшилаш мақсадида:

1. 2021-2022 йиллар давомида туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари таркибида 35 та Туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари (кейинги ўринларда – Марказлар) 1-иловага мувофиқ босқичма-босқич ташкил этилсин.

2. Қуйидагилар Марказларнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

“олтин соат” тамойили асосида қўшма шикастланишлар ҳамда ўткир қон-томир касалликлари билан тиббий ёрдамга муҳтож беморларга шошилинч ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни ташкил этиш;

ўткир ва сурункали буйрак етишмовчилиги мавжуд беморларга гемодиализ хизматини кўрсатиш;

Марказларга бириктирилган туман (шаҳар)лар аҳолисига Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган тартибда тиббий хизмат кўрсатиш.

3. Белгилансинки, Марказларга:

ҳудудлардаги аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда, шошилинч тиббий ёрдам ва умумий жарроҳлик бўлимларининг умумий ўринлари сони доирасида 50 тадан 60 тагача ўринлар ажратилади;

ҳудудий соғлиқни сақлаш муассасалари штат бирликлари доирасида қўшимча нейрохирург, невролог, кардиолог, анестезиолог-реаниматолог ва бошқа штатлар киритилади;

туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари фаолиятини молиялаштириш бўйича қонунчилик ҳужжатларида белгиланган қоидалар татбиқ этилади.

Марказларни молиялаштириш Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар маҳаллий бюджетлари ҳисобидан амалга оширилади.

4. Туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари режаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

5. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (У.Собиров) Молия вазирлиги (Ж.Абруев) билан биргаликда Марказларнинг ташкил этилиши муносабати билан талаб этиладиган қўшимча штат бирликлари ҳамда уларга зарур бўлган маблағлар ажратилишини таъминласин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда Марказларни малакали кадрлар билан таъминлаш, уларнинг фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ молиявий, моддий-техник ва бошқа ташкилий масалаларни ўз вақтида ҳал қилиш чораларини кўрсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 ноябрдаги “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–4887-сон қарорига мувофиқ:

6-23 ойлик болалар учун уй шароитида тайёрланган овқатларни бойитиш мақсадида микронутриент кукуни билан;

6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болаларни “А” витамини билан;

2-10 ёшдаги болаларни гельминтоз профилактикаси бўйича махсус препаратлар билан;

ҳомиладор ва бола эмизувчи аёллар ҳамда 3-15 ёшдаги болаларни йод препарати билан;

35 ёшгача туғиш ёшидаги аёлларни темир ва фолий кислотаси препарати билан бепул таъминлаш назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2021-2023 йилларда болалар, туғиш ёшидаги, ҳомиладор ва бола эмизувчи аёлларни профилактик махсус препаратлар билан бепул таъминлаш чора-тадбирлари дастури 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

7. Қуйидагиларни назарда тутувчи Аҳолига кўрсатилаётган нефрология ва гемодиализ ёрдамини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари режаси 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

ҳудудларнинг умумий ўринлар фонди ҳисобидан нефрология ва гемодиализ бўлимларини 50 ўрингача етказиш;

диализ аппаратлари ва сарфлаш воситаларини харид қилиш;

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб олий тиббиёт таълим муассасаларида нефрология ва гемодиализ кафедралари фаолиятини йўлга қўйиш;

Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт маркази биноларини қуриш ва реконструкция қилиш.

8. Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

ўн кун муддатда болалар, туғиш ёшидаги, ҳомиладор ва бола эмизувчи аёлларнинг профилактик махсус препаратларга бўлган эҳтиёжини аниқлаш ва ушбу препаратларни тақсимлаш ҳамда етказиш тартибини тасдиқласин;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

9. Ушбу қарорда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш юзасидан:

соғлиқни сақлаш вазири А.М.Хаджибаев зиммасига – ушбу қарорнинг ижросини самарали ташкил этиш учун;

соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосарлари А.Ш.Иноятовга гемодиализ хизматини юқори даражада кўрсатиш, У.Ю.Собировга Марказлар фаолиятини самарали ташкил этиш, Э.И.Баситхановага болалар, туғиш ёшидаги, ҳомиладор ва бола эмизувчи аёлларни профилактик махсус препаратлар билан таъминлаш учун;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига мазкур қарорда белгиланган чора-тадбирларнинг ҳудудларда сифатли ижро этилиши учун шахсий масъулият юклансин.

Қарорнинг ўз вақтида ва натижали ижро этилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.А. Мусаев ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Л.Н. Тўйчиев зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан 2022 йил 1 январгача Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот берилсин. 

 

Ўзбекистон Республикаси

         Президенти                                                    Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2021 йил 26 июль