22.11.2019, Жума

2018 йил 11 декабр: Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Ўзбекистон Республикасинининг Кореа Республикасидаги элчисини қабул қилди



Барчамизга маълум, Муҳтарам Президентимизнинг жорий йилнинг 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистонга ташрифи давомида берилган топшириқлар ва кенгайтирилган тарзда ўтказилган мажлис баёни асосида юртимизнинг Хитой, Корея, Кувейт, Германия, Япония давлатларидаги элчилари олдига шу ҳудудга 7 триллион 341 миллиард сўмлик 30 та лойиҳани амалга ошириш вазифалари белгилаб берилган ва бу борадаги эзгу ишлар бошланиб кетди.

11 декабрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида Ўзбекистон Республикасининг Кореядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси В.Фен раҳбарлигидаги делегацияни қабул қилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязов юртимиз элчиси билан келган кореялик меҳмонларни республикамизга ташрифи билан самимий қутлаб, ўлкамизнинг жўғрофий жойлашуви, аҳолиси, маъмурий бошқарув тузилмаси, табиий бойликлари ва маҳсулот ишлаб чиқариш имкониятлари, шунингдек, республикамизни ҳар томонлама ривожлантириш йўлида муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳатлар билан яқиндан таништирди. Сўнгги қисқа давр ичида ҳар икки мамлакат ўртасида ҳар томонлама манфаатли алоқалар яхши йўлга қўйилганлигини ва бу алоқалар бугунги кунда янги босқичга кўтарилганлигини ҳам таъкидлаб ўтди.

Ўз навбатида элчи В.Фен ва кореялик инвесторлар: «Кангнам Джевиско» компаниясининг вице-президенти Пак Чи Кюнг ҳамда ижрочи директори Ким Кю Тэ самимий қабул учун республикамиз раҳбарига ўз миннатдорчилигини билдирди. Ташриф давомида ҳар икки томон режалар, келажакда ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳалар буйича ўзаро фикр алмашди. Шунингдек, маросимда яқин вақт оралиғида кореялик инвесторлар томонидан республикамизда ишга туширилиши режалаштирилаётган лак-буёқ заводининг тақдимоти бўлиб ўтди. 

Корея иқтисодий алоқалар буйича Қорақалпоғистон Республикасининг ишончли ҳамкорларидан саналади. Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси ва Корея давлати ўртасидаги савдо-иқтисодий кўрсаткичларга назар ташласак, 2017 йилда ҳар икки томоннинг товар айланмаси 28,4 млн. АҚШ долларини, жорий йилнинг январь-октябрь ойларида эса 39,1 млн. АҚШ долларини ташкил этган. Шунингдек, ўтган йили республикамизга Кореядан 39,2 млн. АҚШ доллари миқдоридаги инвестициялар киритилган бўлса, бу кўрсаткич жорий йилнинг ўтган ўн ойи давомида 40,1 млн. АҚШ долларини ташкил этди. Бу соғлиқни сақлаш, туризмди ривожлантириш, таълим, фармацевтика, қурилиш ва бошқа соҳаларда ўз аксини топмоқда. Корея инвесторлари иштирокида республикамизда бир қатор қурилиш ишлари амалга оширилган.