21.10.2019, Душанба

Вазирлар Кенгаши регламенти

Қорақалпоғистон Республикаси

                                                                 Вазирлар Кенгашининг

                                                                 2018 йил 12 октябрдаги

                                                                    584-сон қарорига ИЛОВА

 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг

Р Е Г Л А М Е Н Т И

(янги таҳрири)

1. Умумий қоидалар

 

1. Ушбу Регламент Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг 86-моддасига, «Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши тўғрисида»ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонунига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти тўғрисида» 2005 йил 14 февралдаги 62-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Кенгаши - Қорақалпоғистон Республикаси Ҳукуматининг ваколатларини амалга ошириш юзасидан унинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Вазирлар Кенгаши иқтисодиёт, ижтимоий ва маънавий соҳанинг самарали фаолиятига раҳбарликни, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари қонунлари, Олий Мажлис палаталари қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва унинг Президиуми қарорлари ижросини таъминлайди.

3. Вазирлар Кенгаши ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси олдида жавобгардир.

 4. Вазирлар Кенгаши ваколатларининг амалга оширилиши Вазирлар Кенгаши Раиси, унинг ўринбосарлари, вазирлар, қўмиталар раислари, давлат бошқаруви органлари раҳбарлари, Вазирлар Кенгашининг Раёсати, Вазирлар Кенгашининг доимий, муваққат комиссиялар ва бошқа ишчи органлари фаолияти, шунингдек Вазирлар Кенгашининг Ишлар Бошқармаси иши билан таъминланади.

5. Вазирлар Кенгашида унинг ваколатларига тегишли масалалар  Вазирлар Кенгаши, унинг Раёсати мажлисларида, Раис ва унинг ўринбосарлари (вазифалар тақсимотига мувофиқ) томонидан, Вазирлар Кенгаши томонидан ташкил этиладиган доимий, муваққат комиссиялар ва бошқа ишчи органлар мажлисларида манфаатдор давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар вакиллари иштирокида кўриб чиқилади.

6. Вазирлар Кенгаши қонун ҳужжатларига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикасининг бутун ҳудудида барча давлатлараро органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар, фармойишлар ва баённома қарорларини чиқаради.

Вазирлар Кенгашининг норматив тусдаги ёки муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳужжатлари қарор шаклида қабул қилинади.

Вазирлар Кенгашининг тезкор ва бошқа жорий масалалар бўйича ечимлари Вазирлар Кенгашининг фармойишлари шаклида қабул қилинади.

7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси Вазирлар Кенгаши фаолиятини ташкил этади ва унга раҳбарлик қилади, унинг самарали ишлаши учун шахсан жавобгар хисобланади, Вазирлар Кенгашининг мажлисларида раислик қилади, унинг қарорларини имзолайди, Вазирлар Кенгашининг мажлисида кўриб чиқиши талаб қилинмайдиган давлат ва хўжалик бошқаруви масалалари бўйича қарорлар қабул қилади, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари қонунларида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларида, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва унинг Президиуми қарорларида назарда тутилган бошқа вазифаларни бажаради.

Раис Вазирлар Кенгашининг фаолияти тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига ҳар йили камида бир марта ҳисобот беради.

Раис ўз ваколатларига кирувчи масалалар юзасидан фармойишлар чиқаради.

8. Вазирлар Кенгашининг Ишлар Бошқармаси Вазирлар Кенгаши ва унинг Раёсати мажлислари, тегишли қарорлар лойиҳалари, таҳлилий, ахборот ва бошқа материаллар тайёрланишини ва ташкил этилишини таъминлайди, Вазирлар Кенгашининг қарорлари бажарилишини мунтазам равишда назорат қилиб ва текшириб боради.

Вазирлар Кенгашининг бошқармалари, котибиятлари, гуруҳлари ва таркибий бўлинмалари иш тартиби Вазирлар Кенгаши томонидан тасдиқланадиган тегишли функционал вазифалари тўғрисидаги низомлар билан белгиланади.

Вазирлар Кенгашининг бошқармалари, котибиятлари, гуруҳлари ва функционал бўлинмалари иши Вазирлар Кенгаши Ишлар Бошқармаси томонидан мувофиқлаштириб борилади.

9. Вазирлар Кенгашининг Ишлар Бошқармасида иш юритиш Вазирлар Кенгашининг аппаратида иш юритиш ва ҳужжатлар ижроси устидан назоратни ташкил қилиш бўйича Йўриқномага мувофиқ амалга оширилади.

 

II. Вазирлар Кенгаши ишини ташкил этиш

10. Вазирлар Кенгаши ўз ишини:

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари Қонунларини;

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқларида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажлисларидаги, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши мажлисларидаги, бошқа муҳим тадбирлардаги нутқларида, шунингдек кўрсатмалар ва топшириқлар сифатида ифодаланган сиёсатни амалга оширишга йўналтиради.

Вазирлар Кенгашининг иши Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларидан, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва унинг Президиумининг, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг қарорларидан келиб чиқувчи вазифалар асосида шакллантирилган ярим йиллик режаларга мувофиқ олиб борилади.

11. Вазирлар Кенгашининг навбатдаги ярим йиллик учун иш режаси:     

Вазирлар Кенгаши мажлисларини ўтказиш режасини;   

Вазирлар Кенгашининг Раёсати мажлисларини ўтказиш режасини;

иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларида ва минтақаларда иқтисодий ислоҳотларнинг бориши масалаларини Раис ўринбосарлари ҳузурида кўриб чиқиш режасини;

Вазирлар Кенгашининг доимий, муваққат комиссиялари ва бошқа ишчи органлари мажлисларининг календарь режасини ўз ичига олади.

12. Вазирлар Кенгашининг иш режалари қуйидаги талаблардан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади:

иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларида, шунингдек республика ҳудудларида ислоҳотларнинг амалга оширилиши аҳволини танқидий ва тизимли таҳлил қилиш;

ислоҳотлар жараёнларига тўсқинлик қилаётган камчиликлар ва муаммолар сабабларини тизимли таҳлил қилиш;

муаммоли масалалар ва истиқболдаги вазифаларни ҳал этиш бўйича пухта ишлаб чиқилган ва асосланган таклифлар тайёрлаш;

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва унинг Президиуми қарорлари, Вазирлар Кенгаши қарорлари ва фармойишлари бажарилиши юзасидан мониторинг олиб бориш.

13. Вазирлар Кенгашининг иш режалари Вазирлар Кенгаши Раёсати томонидан тасдиқланади.

14. Вазирлар Кенгаши иш режаларини тайёрлаш, шунингдек уларнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Кенгаши Раёсати томонидан белгиланадиган тартибда амалга оширилади.

15. Вазирлар Кенгашининг бошқармалари, котибиятлари, гуруҳлари ва бошқа функционал бўлинмаларининг, шунингдек улар раҳбарлари ва мутахассисларининг ҳар ярим йиллик иш режалари белгиланган тартибда тасдиқланади.

 

III. Вазирлар Кенгашида кўриб чиқиладиган масалаларни тайёрлаш ва кўриб чиқиш тартиби

16. Вазирлар Кенгашининг кўриб чиқиши учун Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси, «Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши тўғрисида»ги Қонуни билан унинг ваколатига киритилган масалалар киритилади.

Муҳим давлат, иқтисодий ва ижтимоий-маданий масалаларни ҳал этиш учун Вазирлар Кенгашининг комплекс ёки мақсадли дастурлари ва тадбирлари ишлаб чиқилади, улар кўриб чиқиш учун Раис ўринбосарлари томонидан Вазирлар Кенгашининг Раисга киритилади.

17. Вазирлар Кенгашида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси топшириқлари ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан юборилган бошқа ҳужжатлар кўриб чиқилади ва бажарилади ва назоратга олинади.

18. Вазирлар Кенгашида кўриб чиқиш учун масалалар Вазирлар Кенгаши Раёсати аъзолари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари,              туман ва шаҳар ҳокимлари, истисно ҳолларда эса уларнинг биринчи ўринбосарлари томонидан киритилиши мумкин.

19. Ушбу Регламентнинг 16-бандида назарда тутилмаган масалалар бўйича ёки ушбу Регламентнинг 18-бандида кўрсатилмаган органлар ва ташкилотлар раҳбарлари томонидан киритилган мурожаатномалар Вазирлар Кенгашининг  тегишли бошқармалари, котибиятлари, гуруҳлари ва таркибий бўлинмаси томонидан давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, туман ва шаҳар ҳокимликларига кўриб чиқиш ва уларнинг ваколатларига мувофиқ қарорлар қабул қилиш учун юборилади.

20. Вазирлар Кенгашининг кўриб чиқиши учун масалалар белгиланган тартибда, қоида тариқасида, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва унинг Президиуми қарорлари, Вазирлар Кенгашининг қарорлари ва фармойишлари лойиҳалари (кейинги ўринларда ҳужжатлар лойиҳалари деб аталади) шаклида киритилади.

21. Вазирлар Кенгашининг қарорлари ва фармойишлари, шунингдек бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, киритиш, келишиш ва кўриб чиқишга тайёрлаш ушбу боб ҳамда мазкур Регламентнинг IV боби, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 2017 йил                   14 апрелдаги 229-сон ва 1999 йил 26 январдаги 35/2-сон қарорлари ҳамда Вазирлар Кенгашининг аппаратида иш юритиш ва ҳужжатлар ижроси устидан назоратни ташкил қилиш бўйича Йўриқномага мувофиқ амалга оширилади.

 Барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари лойиҳани ишлаб чиқувчи ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши учун жойлаштирилади.

22. Лойиҳалар аниқ ифодаланиши, қонун ҳужжатларига мувофиқ келиши, кўриб чиқилаётган масаланинг пухта таҳлилини ва холис баҳосини ўзига олган бўлиши, ижрочилар олдига аниқ мақсад ва вазифалар қўйиши, уларни бажаришнинг аниқ муддатларини белгилаши керак.

Тайёрланаётган лойиҳа бошқа ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёхуд уларни ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш талаб этса, ушбу ўзгартириш ва қўшимчалар, шунингдек уларни ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисидаги таклифлар тайёрланаётган ҳужжат лойиҳасига киритилади ёки у билан айни бир вақтда алоҳида ҳужжат лойиҳаси кўринишида киритилади. Бу ҳолда унга ҳужжат матнининг амалдаги ва таклиф этилаётган таҳрирининг тегишли қиёсий жадваллари тушунтиришлар билан илова қилинади.

23. Айнан шу масалалар бўйича илгари қабул қилинган қарорлар бажарилмаган ҳолларда Вазирлар Кенгашига ана шу масалалар бўйича қарорлар ва фармойишлар лойиҳалари киритилишига йўл қўйилмайди, янги вазиятлар пайдо бўлган ҳоллар бундан мустасно.

24. Вазирлар Кенгашига киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари Қонунлари талабларига жавоб бериши керак, қонунлар лойиҳалари эса «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига киритиш тартиби тўғрисида»ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонуни талабларига, шунингдек қонунчилик техникаси қоидаларига ҳам жавоб бериши лозим.

25. Қонун лойиҳаси Вазирлар Кенгашига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Регламенти тўғрисидаги Қорақалпоғистон Республикаси Қонунининг 26-моддасида ҳамда «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига киритиш тартиби тўғрисида»ги  Қорақалпоғистон Республикаси Қонунининг 33-моддасида назарда тутилган материаллар илова қилинган ҳолда тақдим этилади.

26. Ҳужжатлар лойиҳасининг тегишли органлар ва ташкилотларда келишиб олиниши учун жавобгарлик ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Кенгашига киритаётган давлат ёки хўжалик бошқаруви органи биринчи раҳбарига ёки ушбу Регламентнинг 18-бандида кўрсатилган шахслар жумласига кирувчи бошқа раҳбарга юкланади. Келишиб олиш учун юборилган ҳужжатлар лойиҳаларига (уларнинг нусхаларига) тегишли органлар ва ташкилотларнинг биринчи раҳбарлари (истисно ҳолларда уларнинг биринчи ўринбосарлари) томонидан: қонун лойиҳалари бўйича - 7 календарь кун мобайнида, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари лойиҳалари бўйича — 3 календарь кун, Вазирлар Маҳкамаси фармойишлари лойиҳалари бўйича кўпи билан 2 календарь кун мобайнида, Вазирлар Кенгаши қарорлари лойиҳалари бўйича - 3 календарь кун, Вазирлар Кенгаши фармойишлари лойиҳалари бўйича кўпи билан 2 календарь кун мобайнида розилик имзоси қўйилади.

27. Ҳужжат лойиҳаси бўйича келишмовчиликлар мавжуд бўлган тағдирда ҳужжат лойиҳаси келишмовчиликлар билан бирга фақат мулоҳазалари бўлган тегишли биринчи раҳбарлар (истисно ҳолларда-уларнинг биринчи ўринбосарлари) имзолаган асосланган ёзма мулоҳазалар билан бирга Вазирлар Кенгашига киритилиши мумкин.

Ҳал қилинмаган келишмовчиликлар бўйича Вазирлар Кенгашига тақдим этиладиган мулоҳазалар тегишли раҳбарларнинг ўринбосарлари томонидан имзоланиши мумкин эмас.

28. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари улар мазкур Регламентнинг 26-27-бандларига мувофиқ келишилгандан кейин Вазирлар Кенгашига киритилгунга қадар уларни қабул қилиш зарурлиги асослари ва келишмовчиликлар (улар мавжуд бўлган тақдирда) бўйича ёзма мулоҳазалар илова қилинган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигига хулоса бериш учун юборилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини уларнинг Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясига, қонунчиликка, шунингдек қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлигини аниқлаш юзасидан экспертизадан ўтказади;

қонунлар лойиҳаларини уларнинг мамлакатда ўтказилаётган ислоҳотлар мақсадлари ва вазифаларига мувофиқлиги, уларда  рақобатга тўсқинлик қилувчи коррупциянинг юзага келиши, давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимида бошқа ҳуқуқ бузилишларининг содир этилиши учун шарт-шароитлар яратувчи, шунингдек тадбиркорлик субъектлари учун ортиқча маъмурий ва бошқа чекловларни киритувчи ҳамда тадбиркорлик субъектларининг асосланмаган харажатлари юзага келишига олиб келувчи қоидалар ва нормаларни аниқлаш юзасидан таҳлил қилади.

Агар Вазирлар Кенгашининг қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари, Раис, ўнинг ўринбосарлари топшириқлари билан киритиш муддатлари белгиланмаган бўлса, мазкур бандга мувофиқ хулоса тайёрлаш муддати 10 кундан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари Вазирлар Кенгашига, фақат ҳуқуқий экспертиза якуни бўйича уларни қабул қилишнинг мақсадга мувофиқлиги ҳақидаги Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигининг хулосаси мавжуд бўлгандагина киритилади.

29. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, туман ва шаҳар ҳокимликлари раҳбарлари Вазирлар Кенгашига киритилаётган ҳужжатлар лойиҳаларининг асосланганлиги ва сифати, келтирилган маълумотлар ва бошқа материалларнинг тўғрилиги, шунингдек уларнинг манфаатдор органлар ва ташкилотлар билан тегишли равишда келишиб олиниши учун шахсан жавоб берадилар.

Илова қилинган ҳужжат масалани киритаётган органнинг раҳбари томонидан имзоланган, тегишли далолатнома лойиҳасига, шунингдек унинг иловасига виза қўйилган бўлиши керак. Ҳужжат лойиҳаси билан бирга уни ишлаб чиқиш ва келишиш хронологияси тўғрисидаги маълумотнома тақдим этилади

30. Мазкур Регламент талабларига риоя қилинмасдан Вазирлар Кенгашига киритилган ҳужжатлар лойиҳалари қўйидаги тартибда қайтарилиши керак.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари, Вазирлар Маҳкамаси, Бош вазир, унинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва унинг Президиуми қарорлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва унинг ўринбосарлари топшириқларини бажариш юзасидан киритилган ҳужжатлар лойиҳалари тушган санасидан бошлаб 2 кундан ортиқ бўлмаган муддатда, қайтариш сабаблари кўрсатилган ҳолда, фақат тегишли равишда Раис ва унинг ўринбосарлари қарорига кўра қайтарилиши мумкин.

Мазкур Регламент талабларига риоя қилинмасдан Вазирлар Кенгашига киритилган бошқа ҳужжатлар лойиҳалари 2 кундан ортиқ бўлмаган муддатда, қайтариш сабаблари кўрсатилган ҳолда, Раиснинг тегишли ўринбосари билан келишган ҳолда ахборот-таҳлил бошқармаси ёки тегишли бошқарма, котибият, гуруҳ ва таркибий бўлинмалар томонидан қайтарилади.

Ҳужжатлар лойиҳалари тушган санадан бошлаб 2 кунлик муддат тамом бўлгандан кейин фақат Раис ва унинг ўринбосарлари қарорига кўра қайтарилиши мумкин. 

Бундай ҳуқуқ берилмаган шахслар имзолаган ҳолда тушган лойиҳалар кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди ва Вазирлар Кенгашининг ахборот-таҳлил бошқармаси ёки тегишли бошқарма, котибият, гуруҳ ва таркибий бўлинмалар бошлиғи томонидан жўнатувчига қайтарилади.

31. Мазкур Регламентда белгиланган тартибда Вазирлар Кенгашига киритилган ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқишга тайёрлаш Вазирлар Кенгаши Ишлар Бошқармаси томонидан 10 кун муддатда амалга оширилади. Ушбу муддатни узайтиришга фақат Раис, унинг ўринбосарлари, Ишлар Бошқарувчиси рухсатига кўра йўл қўйилади.

Вазирлар Кенгашининг бошқармалари, котибиятлари, гуруҳ ва таркибий бўлинмаларида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг концептуал қоидалари ўзгартирилганида Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан улар мазкур Регламентда белгиланган тартибда такроран ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади.

 

IV. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг қарорлари ва фармойишларини ишлаб чиқиш, келишиш ва имзолаш тартиби

32. Вазирлар Кенгашининг қарорлари ва фармойишлари «Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши тўғрисида»ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонуни билан унинг ваколатига киритилган масалалар бўйича қабул қилинади.

33. Вазирлар Кенгашининг қарорлари ва фармойишлари лойиҳалари вазирликлар, қўмиталар, бошқармалар, агентликлар, туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан Раис ва унинг ўринбосарлари топшириқларига мувофиқ ёхуд ташаббус кўрсатиш тартибида ишлаб чиқилади.

34. Ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш манфаатдор идоралар ва тузилмалар билан биргаликда амалга оширилади. Ишлаб чиқилган лойиҳалар белгиланган тартибда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан ҳамда мажбурий тартибда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилади.

Республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришиқтисодиётнинг алоҳида соҳаларини ва тармоқларини ривожлантириш дастурларини амалга ошириш республика бюджетидан маблағлар ажратиш билан боғлиқ қарорлар ва фармойишлар лойиҳалари мажбурий тартибда тегишли равишда - Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги биланатроф-табиий муҳитга, шу жумладан табиий ресурслардан фойдаланиш ва атроф-табиий муҳитни муҳофаза қилишга таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳўжалик ва бошқа фаолиятни тартибга солувчи лойиҳалар - Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси билан, рақобатни бевосита ёки билвосита чеклаши ва рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари принципларини бузиши мумкин бўлган лойиҳалар - Қорақалпоғистон Республикаси Ҳусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси билан, ходимларнинг ижтимоий-меҳнат ҳуқуқларига тааллуқли лойиҳалар - Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан, Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига тааллуқли лойиҳалар - Ўзбекистон Республикаси Савдо-Саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси биланфермердеҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тааллуқлишунингдекуларнинг фаолият кўрсатиши билан боғлиқ масалалар бўйича эса — Қорақалпоғистон фермердеҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан мажбурий тартибда келишилиши керак.

35. Вазирлар Кенгаши қарорлари ва фармойишларининг келишилган лойиҳалари лойиҳани ишлаб чиқиш тўғрисидаги топшириқнома билан бирга (у мавжуд бўлганда), Умумий бўлимда тегишли равишда рўйхатдан ўтказган ҳолда Вазирлар Кенгашининг Ишлар Бошқармасига киритилади.

36. Ҳукумат қарор ва фармойиш лойиҳасига мажбурий тартибда мазкур лойиҳанинг мақсадга мувофиқлигини асослашдан иборат бўлган тушунтириш хати, шунингдек зарур ҳисоб-китоблар ва кўриб чиқиш материаллари, тақдим этилаётган лойиҳаларни амалга ошириш оқибатлари баҳоси илова қилинади.

Тушунтириш хати асосий ишлаб чиқувчи вазирлик, идоранинг биринчи раҳбари томонидан имзоланади.

37. Умумий бўлимда рўйхатдан ўтказилиб киритилган Ҳукумат қарорлари ва фармойиш лойиҳалари ишлаш учун Вазирлар Кенгашининг тегишли бошқарма, котибият, гуруҳ ва таркибий бўлинмаларга берилади.

38. Тегишли бошқарма, котибият, гуруҳ ва таркибий бўлинмалар лойиҳани экспертизадан ўтказади, зарурат бўлганда, ҳужжатни киритган вазирликлар ва идоралар билан биргаликда лойиҳа устида қўшимча ишлайди ҳамда билдирилган мулоҳазаларни бартараф этади.

Салбий хулосага келганда тегишли бошқарма, котибият, гуруҳ ва таркибий бўлинмалар мазкур лойиҳани қабул қилишнинг мақсадга мувофиқ эмаслигини асословчи хулосани тайёрлайди.

39. Кўриб чиқиш натижалари тўғрисида тегишли бошқарма, котибият, гуруҳ ва таркибий бўлинмалар раҳбари Раиснинг мутасадди ўринбосарига ахборот беради.

Раиснинг мутасадди ўринбосари лойиҳа бўйича билдирган салбий хулосасига розилик билдирган тағдирда Ҳукумат қарори лойиҳаси унга хулосани ва Раиснинг мутасадди ўринбосари тегишли топшириғи илова қилинган ҳолда белгиланган тартибда қайтарилиши керак.

Хулоса ижобий бўлганда ва Раиснинг мутасадди ўринбосари маъқуллаган тақдирда Ишлар Бошқармаси, тегишлилиги бўйича Раис ўринбосарлари томонидан лойиҳага розилик имзоси қўйилишини ташкил қилади.

40. Тегишли бошқарма, котибият, гуруҳ ва таркибий бўлинмалар томонидан ишлаб чиқилаётган Ҳукумат қарори ва фармойиш лойиҳасини келишиш учун тегишлилиги бўйича Раис ўринбосарлари, ахборот-таҳлил бошқармаси ва юридик хизматдан экспертизадан ўтказиш учун тақдим этади.

41. Ахборот-таҳлил бошқармаси Ҳукумат қарори ва фармойиш лойиҳасини республиканинг давлат манфаатларини таъминлаш, иқтисодий самарадорлик ва ундаги масалаларни барча манфаатдор тузилмалар билан мувофиқлаштириш нуқтаи назаридан пухта экспертизадан ўтказади.

Эксперт хулосаси салбий бўлган тақдирда ахборот-таҳлил бошқармаси лойиҳани пухта ишлаш учун тегишли бошқарма, котибиятлар, гуруҳ ва таркибий бўлинмаларга қайтаради.

Хулоса ижобий бўлган тақдирда ахборот-таҳлил бошқармаси лойиҳани кўриб чиқиш учун Раиснинг биринчи ўринбосарига киритади.

42. Раиснинг биринчи ўринбосари розилик берган тақдирда ахборот-таҳлил бошқармаси уни Вазирлар Кенгашининг Ишлар Бошқармасига киритиши учун қайтаради.

43. Раис ўринбосарлари ўртасида мулоҳазалар мавжуд бўлган тақдирда Раиснинг мутасадди ўринбосари лойиҳани кўриб чиқиш учун Вазирлар Кенгашининг Раёсатига киритади.

44. Вазирлар Кенгаши Раёсати аъзолари томонидан мулоҳазалар билдирилган тақдирда лойиҳа пухта ишлаб чиқилади ва кўриб чиқиш учун такроран киритилади.

Вазирлар Кенгаши Раёсати  аъзолари ўртасида мулоҳазалар сақланиб қолган тақдирда Вазирлар Кенгаши Раиси узил-кесил қарор қабул қилади.

45. Вазирлар Кенгаши Ишлар Бошқарувчиси лойиҳани кўриб чиқади ва лойиҳа тўғрисида Қорақалпоғистон Республикасининг Вазирлар Кенгаши Раисига ахборот беради.

46. Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ҳужжатлар лойиҳалари кўриб чиқиш учун Вазирлар Кенгаши мажлисига киритилади.

 

V. Вазирлар Кенгаши ва унинг Раёсати

мажлисларини тайёрлаш ва ўтказиш

47. Вазирлар Кенгаши мажлислари ҳар чоракда камида бир марта ўтказилади. Вазирлар Кенгаши мажлисларида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, у йўқлигида унинг топшириғига биноан ўринбосарларидан бири раислик қилади.

48. Вазирлар Кенгаши мажлисларида «Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши тўғрисида»ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонунининг 13-моддасида назарда тутилган масалалар, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси топшириқларига ва Вазирлар Кенгаши Раёсати қарорларига мувофиқ бошқа масалалар кўриб чиқилади.

49. Вазирлар Кенгаши мажлисларида кўриб чиқиш учун масалаларни тайёрлашни ахборот-таҳлил бошқармаси, Вазирлар Кенгашининг бошқарма, котибиятлар, гуруҳ ва таркибий бўлинмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, бошқа иқтисодий идоралар Раиснинг биринчи ўринбосари, тегишли ўринбосарлари  ва Ишлар Бошқарувчиси раҳбарлигида давлат ва хўжалик бошқаруви тегишли органлари, туман ва шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда амалга оширадилар. Зарур ҳолларда масалаларни тайёрлашни Вазирлар Кенгаши ёки унинг Раёсати томонидан ташкил этиладиган комиссиялар амалга оширадилар.

50. Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Статистика бошқармаси ва бошқа иқтисодий идоралар мажлисининг эълон қилинган ўтказилиш санасидан камида 15 кун олдин Вазирлар Кенгашига кун тартиби, уни муҳокома қилиш тартиби лойиҳаларини ҳамда маълумотномаларини, тегишли таҳлилий материалларни (шу жумладан жадвалларни), Вазирлар Кенгаши мажлиси баёни лойиҳасини киритадилар.

51. Вазирлар Кенгашининг ахборот-таҳлил бошқармаси тегишли бошқарма, котибиятлар, гуруҳ ва таркибий бўлинмалари билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги томонидан киритилган материалларни экспертизадан ўтказади ҳамда ҳудудлардаги ишларнинг аҳволини ўрганиш натижаларини ва иқтисодий идоралар ва бошқа органлар томонидан тақдим этилган бошқа материалларни ҳисобга олган ҳолда умумлаштиради.

52. Пухта ишлаб чиқилган материаллар Вазирлар Кенгаши Раисининг биринчи ўринбосари билан келишилади ва Ишлар Бошқарувчисига тақдим этилади. Материаллар тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисига ахборот берилади ва мажлиснинг эълон қилинган ўтказилиш санасидан камида 12 кун олдин Вазирлар Кенгаши Раёсатида кўриб чиқиш учун киритилади.

53. Вазирлар Кенгаши Раёсати томонидан кўриб чиқилган материаллар Раёсат аъзолари билдирган мулоҳазаларни ҳисобга олган ҳолда пухта ишлаб чиқилади ва мажлис ўтказиладиган санадан камида 10 кун олдин Вазирлар Кенгаши Раисига ахборот бериш учун ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги билан ушбу Регламентнинг IV бобида белгиланган тартибда келишиб олиш учун тақдим этилади.        

54. Вазирлар Кенгаши мажлисида кўриб чиқиш учун киритиладиган ҳужжатлар лойиҳалари ушбу Регламентнинг III боби талабларига мувофиқ тайёрланган бўлиши керак.

55. Вазирлар Кенгаши мажлисига таклиф этиладиган мансабдор шахслар руйхатлари Раис ва Ишлар Бошқарувчиси томонидан белгиланади.

56. Вазирлар Кенгаши мажлисига Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича судиҚорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича судиҚорақалпоғистон Республикаси иқтисодий суди, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди раислари, Конституциявий назорат қўмитаси раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Прокурори, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раислари заруратга қараб таклиф этиладилар. Бошқа мансабдор шахслар мажлисга фақат уларга дахлдор масалалар бўйича таклиф этиладилар.

Вазирлар Кенгаши мажлисига туман ва шаҳар ҳокимлари чораклик, ярим йиллик ва бутун календарь йил якунлари бўйича республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотларнинг натижаларини кўриб чиқишда, шунингдек мажлисда республиканинг муайян ҳудудини иқтисодий ва ижтимоий-маданий ривожлантиришни таъминлаш билан бевосита боғлиқ масалалар кўрилаётганда таклиф этиладилар

Вазирлар Кенгашининг календарь йилнинг биринчи чорак ва тўққиз ойлик якунлари бўйича мажлисларига туман ва шаҳар ҳокимларининг тегишли масалалар бўйича ўринбосарлари таклиф этиладилар.

57. Вазирлар Кенгаши мажлисларида масалалар тўғрисида Раис ўринбосарлари, Ишлар Бошқарувчиси, вазирлар, қўмиталар раислари, идоралар, давлат ва хўжалик бошқарувининг бошқа органларининг раҳбарлари, туман ва шаҳар ҳокимлари, ахборот-таҳлил бошқармаси, гуруҳ, котибият ва бўлимлар бошлиқлари ахборот берадилар.

58. Мажлисларда қарорлар Вазирлар Кенгаши аъзоларининг (камида яримидан купи) кўпчилик овози билан қабул қилинади.

59. Вазирлар Кенгаши мажлисларида қабул қилинган қарорлар баён билан расмийлаштирилади.

Мажлис баёни тегишлилиги бўйича ахборот-таҳлил бошқармаси, котибиятлари, гуруҳ ва таркибий бўлинмалари томонидан мажлис тугагандан кейин бир сутка муддатда Ишлар Бошқарувчиси ва Раиснинг биринчи ўринбосари раҳбарлигида расмийлаштирилади ҳамда мажлисда раислик қилувчи томонидан имзоланади.

60. Вазирлар Кенгаши Раёсати таркибига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, унинг ўринбосарлари, Ишлар Бошқарувчиси - Вазирлар Кенгаши аппарат раҳбари киритилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Ишлар Бошқармаси Вазирлар Кенгаши Раёсатининг ишчи органи ҳисобланади.

Вазирлар Кенгашининг доимий ишлайдиган органи сифатидаги Вазирлар Кенгаши Раёсати заруратга кўра ва аппарат мажлислари ҳар ҳафтада Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси томонидан ўтказилади.

61. Вазирлар Кенгаши Раёсатида кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг топшириқларининг ижросини ташкил этиш масалалари ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг ваколатига кирувчи масалалар киритилади, «Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши тўғрисида»ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонунига мувофиқ фақат Вазирлар Кенгаши мажлисларида кўриб чиқиладиган масалалар бундан мустасно.

62. Вазирлар Кенгаши Раёсати мажлисларида кўриб чиқиш учун масалаларни тайёрлаш Вазирлар Кенгаши Раёсати томонидан белгиланадиган тартибда амалга оширилади.

63. Вазирлар Кенгаши Раёсати мажлисларида қабул қилинган қарорлар баён шаклида чиқарилади, уларнинг бажарилишини назорат қилиш Раис  ўринбосарларига ва ахборот-таҳлил бошқармаси бошлиғига юкланади. Баён мажлисда раислик қилувчи томонидан имзоланади.

Ҳукуматнинг норматив қарорлари лойиҳалари тасдиқлангунга қадар мажбурий тартибда ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши ва имзоланганидан кейин Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигида ҳисобга олиниши шарт.

 

VI. Вазирлар Кенгаши қарорларини расмийлаштириш, жўнатиш, эълон қилиш ва уларнинг кучга кириши

64. Вазирлар Кенгаши ёки унинг Раёсати мажлисларида муҳокама этиш давомида мулоҳазалар билдирилган, қўшимчалар ёки ўзгартиришлар киритилган ҳужжатлар лойиҳаларини ахборот-таҳлил бошқармаси, тегишли гуруҳ, котибият ва бўлимлар ёки мажлисларда тузилган комиссиялар (ишчи органлар) томонидан пухта ишланади ҳамда, агар бошқа муддат белгиланмаган бўлса, мажлисдан кейин иккинчи куни имзолашга тақдим этилади. Лойиҳаларга киритиладиган ўзгартиришлар Вазирлар Кенгаши Раисининг тегишли ўринбосарлари билан келишилиши керак.

Пухта ишланган лойиҳа Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисига ахборот бериш учун Ишлар Бошқарувчисига тақдим этилади.

65. Ишлар Бошқарувчиси Раис томонидан имзоланган Вазирлар Кенгаши қарорларига сана қўяди, уларнинг асл нусха эканлигини ўз имзоси билан тасдиқлайди ҳамда чиқарилишини ташкил этади.

Ҳужжатнинг чиқарилишига тўсқинлик қилувчи ҳолатлар аниқланганда, Ишлар Бошқарувчиси улар тўғрисида Раисга ахборот беради ва улар томонидан қабул қилинган қарорларига мувофиқ иш тутади.

66. Вазирлар Кенгашининг қарорлари, фармойишлари улар имзоланган сана бўйича расмийлаштирилади ҳамда бошқарма, гуруҳ, котибият ва бўлимлар томонидан тузиладиган жўнатиш рўйхати бўйича дарҳол ижрочиларга юборилади.

Бунда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг қарорлари (зарур бўлган тақдирда, ахборот-таҳлилий материаллари билан бирга) мажбурий равишда белгиланган тартибда расмий эълон қилиш ҳамда ижрочиларга етказиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигига қоғоз ва электрон шаклда юборилади.

67. Вазирлар Кенгашининг норматив тусдаги қарорлари маҳаллий оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинади.

68. Вазирлар Кенгашининг қарорлари ва фармойишлари, агар ушбу ҳужжатларда бошқа муддатлар белгиланмаган бўлса, имзоланган вақтидан бошлаб кучга киради. Вазирлар Кенгашининг норматив хусусиятга эга бўлган қарорлари, агар ушбу ҳужжатларда бошқа муддат белгиланмаган бўлса, улар расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.

69. Республика аҳолисини кенг ва тезкорлик билан таништириш зарур бўлганда қарорлар ва фармойишлар Вазирлар Кенгаши Раисининг топшириғига биноан матбуотда эълон қилинади, телевидение ва радио орқали эшиттирилади.

VII. Қабул қилинган қарорларнинг бажарилишини ташкил этиш тартиби ҳамда Вазирлар Кенгаши томонидан назорат ваколатларининг амалга оширилиши

70. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг қарорлари, фармойишлари ва топшириқларининг, Вазирлар Кенгаши мажлис қарорларидаги топшириқларнинг ҳамда Ҳукумат қарорларининг, шунингдек Вазирлар Кенгаши Раиси ва унинг ўринбосарлари топшириқларининг бажарилишини ташкил этиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 2017 йил 14 апрелдаги 229-сон қарорида ва Вазирлар Кенгашининг 1999 йил 26 январдаги 35/2-сон қарорида белгиланган тартибда амалга оширилади.

71. Вазирлар Кенгашига тушган Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Президиумининг қарорлари тўғрисида дарҳол Вазирлар Кенгаши Раисига ахборот берилади ва улар юзасидан ҳужжатларнинг маъсул ижрочиларига топшириқлар расмийлаштирилади.

72. Вазирлар Кенгашининг топшириқлари вазирликлар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан, агар бошқа муддат белгиланмаган бўлса, ҳужжат юборилган кундан бошлаб  15 календарь кун мобайнида бажарилиши керак.

73. Ҳукумат қарорларини Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг қабул қилинган қонунларига мувофиқлаштириш бўйича топшириқлар давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан, агар амалга киритиш тўғрисидаги ҳужжатда бошқа муддат назарда тутилмаган бўлса, бир ой мобайнида бажарилиши керак. Мазкур топшириқларни бажариш ушбу ҳужжатларни тайёрлаган вазирликлар, идоралар, Вазирлар Кенгашининг тегишли бошқарма, гуруҳ ва котибиятларига, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги  билан биргаликда Вазирлар Кенгашининг юридик хизматига юкланади.

74. Бажариш муддати фақат топшириқни имзолаган раҳбар томонидан узайтирилиши мумкин.

75. Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқларининг, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари фармойишлари, мажлис қарорлари ва топшириқларининг, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва унинг Президиуми қарорлари, Вазирлар Кенгаши қарорлари, фармойишлари, мажлис қарорлари ва топшириқларининг бажарилишини ва назорат қилишни ташкил этиш Раиснинг тегишли ўринбосарлари томонидан;

республика, тармоқ ва худудий ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим ва устувор масалалари, шунингдек узоқ даврга мўлжалланган ҳужжатлар бўйича назорат режасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

тегишли таркибий бўлинмалар, мансабдор шахслар ва ходимлар томонидан амалий чора-тадбирларни тасдиқланган муддатларда амалга ошириш;

уларнинг бажарилишини вазирликлар, идоралар, бошқарувнинг худудий тармоқ органлари ва маҳаллий ҳокимият органларида, бевосита корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда мақсадли ўрганиш;

вазирликлар, идоралар, туман ва шаҳар ҳокимликларининг юқорида кўрсатиб ўтилган ҳужжатларни бажариш юзасидан қабул қилинган ўз қарорларининг бажарилишини кўриб чиқиш;

республика тармоқлари ва худудлардаги ишларнинг аҳволини комплекс ўрганиш, уларнинг якунларини Вазирлар Кенгаши комплекслари мажлисларида кўриб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлар, фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг қарорлари, фармойишлари, мажлис қарорлари ва топшириқларида қўйилган вазифаларнинг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишини таъминламаган раҳбарлар, мансабдор шахслар ва ходимларга нисбатан шахсан жавобгарлик чораларини кўриш билан таъминланади.

Вазирлар Кенгаши Ишлар Бошқармасида назорат фаолиятини мувофиқлаштириб бориш, Ушбу Регламент, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 2017 йил 14 апрелдаги 229-сон қарори ва Вазирлар Кенгашининг 1999 йил 26 январдаги 35/2-сон қарори талабларига мувофиқ амалга оширилади.

76. Вазирлар Кенгаши вазирликлар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, туман ва шаҳар ҳокимликлари раҳбарларининг Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича топшириқларнинг бажарилиши, давлат бюджетининг ижроси, шунингдек давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари қарорларининг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларини мунтазам равишда эшитиб боради, уларнинг сўзсиз руёбга чиқарилишини таъминлаш чораларини кўради.

77. Вазирлар Кенгашининг бажарилган қарорлари ва фармойишлари назоратдан чиқариш тўғрисидаги қарор Вазирлар Кенгаши Раёсати томонидан қабул қилинади.

 

VIII. Вазирлар Кенгашининг доимий, вақтинчалик комиссиялари ва бошқа ишчи органлари

78. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви юқори органларининг қарорларини ҳаётга тадбиқ этишга кўмаклашиш, Вазирлар Кенгаши қабул қилган ҳужжатларнинг бажарилишини назорат қилиш ҳамда вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, туман ва шаҳар ҳокимликлари, давлат ва хўжалик бошқаруви бошқа органлари фаолиятини мувофиқлаштириб бориш мақсадида Вазирлар Кенгаши томонидан унинг доимий ва вақтинчалик комиссиялари, шунингдек бошқа ишчи органлари тузилиши мумкин.

Вазирлар Кенгаши уларнинг вазифаларини, функцияларини ҳамда фаолият тартибини белгилайди.

79. Доимий ва муваққат комиссиялар мажлислари Вазирлар Кенгаши Раёсати томонидан тасдиқланадиган Вазирлар Кенгашининг ярим йиллик иш режалари асосида ва заруратга қараб ўтказилади.

 

IX. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш

80. Вазирлар Кенгаши ўз ваколатлари доирасида «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари Қонунларига мувофиқ жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларин кўриб чиқилишини таъминлайди.

81. Вазирлар Кенгаши Ишлар Бошқармасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби Вазирлар Кенгаши Раёсати томонидан тасдиқланадиган тегишли Низом билан белгиланади.