22.11.2019, Жума

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН ХИТОЙНИНГ ХУНАНЬ ПРОВИНЦИЯСИ БИЛАН ҲАМКОРЛИКНИ ЙЎЛГА ҚЎЙМОҚДА


Қорақалпоғистон Республикаси Хитой Халқ Республикасининг Хунань провинцияси билан савдо-иқтисодий, инвестицион, туристик ва маданий-ижтимоий соҳаларда тиғиз ҳамкорлик қилади. Яқинда Қорақалпоғистон Республикаси делегациясининг Хунань провинциясига ташрифи доирасида имзоланган меморандум ушбу масалаларни ўзида қамрайди.

- Хунань провинциясига ташриф натижаси самарали бўлди, - дейди Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари Бахитжан Хабибуллаев. – Ташриф давомида Қорақалпоғистон тадбиркорлари билан Хунань провинциясининг йирик корхоналари иштирокида бизнес-форум ўтказилди. Тадбиркорлар Хунань провинциясининг қурилиш, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, машинасозлик соҳаларидаги етакчи корхоналарининг фаолияти билан танишди. 50 тадан ортиқ ишчи гуруҳ вакиллари билан музокаралар олиб борилди. Турли соҳалардаги лойиҳаларни, шунингдек, импорт ва экспорт келишувларни амалга ошириш бўйича 66 миллион долларлик битим тузилди.

Қорақалпоғистон делегацияси Хунань провинцияси губернаторининг ўринбосари Хе Баосян билан учрашди. Мулоқотнинг асосий йўналиши, икки давлат ҳудудлари ўртасида ҳамкорлик бўлди.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хунань провинциясининг ҳудудлари ўртасида ҳамкорлик истиқболларига келганда, Хе Баосян ўзаро савдо ҳажмини ошириш бўйича ишни кучайтириш кераклигини ва икки давлатнинг хўжалик юритувчи субъектлари ўртасида бевосита алоқаларни ўрнатиш бўйича аниқ қадамларга ўтиш кераклигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Хитой томони Ўзбекистон ҳукуматининг Хитой инвестицияларини Қорақалпоғистонга тортиш бўйича фаоллигини қўллаб-қувватлади. Шу жумладан, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, сифатли мева-сабзавот маҳсулотини Хитой бозорига юбориш жуда муҳим эканлигини таъкидлаб ўтди.

Ҳудудлараро ҳамкорликнинг муҳим йўналишларини белгилаб барадиган Қорақалпоғистон Республикаси ва Хунань провинцияси ўртасидаги ҳамкорлик бўйича қабул қилинган меморандум улар ўртасидаги кўп лойиҳали ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича икки томонлома масалаларни амалга ошириш йўлидаги биринчи амалий қадам бўлди.

Энг муҳими, ташриф давомида Қорақалпоғистон Республикаси ишчи доиралари билан Хунань провинцияси компаниялари ўртасида В2В форматидаги алоҳида музокаралар бўлиб ўтиб, қатор манфаатли келишувларга эришилди, икки давлатнинг хўжалик юритувчи субъектлари ўртасида экспорт ва импорт шартномалари имзоланди. Шу жумладан, республика ичида талаби юқори бўлган ва экспортга йўналтирилган маҳсулотни ишлаб чиқариш учун юқори технологик ускуналарни етказиб бериш бўйича ҳам шартнома тузилди.

Жумладан “Кунград агро солодкосистем” МЧЖ билан “Hunan Minda Herbal Medicine Co. Ltd.” Ўртасида Хитойга ширинмия етказиб бериш бўйича 450 минг АҚШ долларлик шартнома тузилди.

Хунань провинциясининг ундан бошқа ҳам бир нечта корхонаси ширинмияни сотиб олиш бўйича катта қизиқувчилик билдирди.

“Vishekrishi Tashkent” МЧЖ бир қатор хитойлик компаниялар билан артемия цисталарини экспорт қилишга 500 минг АҚШ долларлик келишув қабул қилди.

Шунингдек, Хитойнинг 20 тадан ортиқ корхона ва компания раҳбарлари билан алоҳида мулоқотлар ва музокаралар ўтказилди.

Жумладан, Қорақалпоғистон ҳудудида қамишни қайта ишлаш ва қоғоз ишлаб чиқариш бўйича йирик завод қурилишига инвестиция киритишга келишув қабул қилинди.

Хитойдаги “Фень ши” МЧЖ,  “Мин Дао” МЧЖ, “Де Нун” МЧЖ номли учта йирик корхонанинг таъсисчиси Ма Лумин, Қорақалпоғистондаги хом ашё базасини олдиндан ўрганган вақтда, Хитой томонидан Қорақалпоғистонда учта қоғоз чиқарувчи завод қуришга умуман 60 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш бўйича қарор қабул қилинганлиги ҳақида маълум қилди.

Шунингдек, Ма Лумин лойиҳани тезроқ амалга ошириш мақсадида жорий йилнинг май ойида Ўзбекистонга ташриф буюрушни режалаштирган.

Бундан ташқари Hunan Runwo Biotechnology Co. Ltd. ва Fenghui Biotechnology Co. Ltd. компаниялари билан музокаралар бўлиб ўтди. Уларнинг якунида Қорақалпоғистон Республикасидаги шўр ерларда уруғларнинг барқарорлигини яхшилаш учун инновацион технологияларни қўлланиш соҳасидаги ҳамкорлик бўйича Ҳамжиҳатлик меморандуми имзоланди.

Маълумотларга кўра, олдинги вақтларда Хунань провинцияси кўпроқ аграр провинция бўлган, ҳозирги кунда эса ҳудуднинг ялпи ички маҳсулотининг 90 фоизини хизмат кўрсатиш соҳаси ташкил қилади. Ундан бошқа машиносозлик, қурилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қайта ишлаш каби соҳалар ҳам ривожланган. 2017 йилнинг якуни бўйича Хунань провинцияси ХХР да ялпи ички маҳсулот миқдори бўйича 9 ўринни эгаллаган (500 млрд АҚШ доллари). Иқтисодий ўсиш 9 фоизни ташкил этган.