24.02.2020, Душанба

Қорақалпоғистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитасининг ҳисобот-сайлов конференцияси


2018 йил 13 ноябрь куни Қорақалпоғистон Республикасида Сапар Хўжаниязов номидаги Ёш томошабинлар театрида Қорақалпоғистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитасининг сўнги беш йиллик фаолиятига бағишланган ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.


Конференцияда Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва туманларидан сайланган 250 нафарга яқин делегатлар, Республика ҳаётида фаол иштирок этаётган хотин-қизлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.



Ҳисобот-сайлов конференциясини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси Сенати  аъзоси Г.А.Аннақличева олиб борди.

Дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси З.А.Ибрагимованинг 2013-2017 йиллар ва  2018 йилнинг 9 ойи давомида амалга оширган ишлари тўғрисидаги ҳисоботи тингланди.

З.А.Ибрагимова ўзининг ҳисоботида Мухтарам Президентимизнинг 2017 йил 7 февраль куни “2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси ҳақида”ги Фармони билан Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини тасдиқланганлигига, ушбу Ҳаракатлар стратегиясининг айнан IV йўналишида “Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналиши” белгиланган бўлиб, асосан, хотин-қизларнинг ижтимоий–сиёсий фаоллигини ошириш, уларни давлат ва жамият бошқарувидаги ўрнини кучайтириш, хотин-қизлар, касб-ҳунар коллежи битирувчи қизларининг бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, оила асосларини янада мустаҳкамлаш вазифалари белгилаб берилганлигига тўхталди.

Шунингдек, Мухтарам Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5325-сонли Фармонни имзолаши айнан Ҳаракатлар стратегиясининг IV йўналишида белгилаб берилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш юзасидан қабул қилинган тарихий ҳужжат бўлганини ва Фармонда ушбу йўналиш бўйича амалга оширилаётган ишларни янги босқичга олиб чиқиш вазифалари белгилаб берилганини ҳамда бу борада мутлақо янгича ишлаш тизими яратилганлигини таъкидлади.

Мазкур ҳисобот юзасидан Тахтакўпир тумани Хотин-қизлар қўмитаси раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси Сенати аъзоси А.Ж.Аллаярова, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирининг биринчи ўринбосари А.Е.Атажанов, Қорақалпоқ Давлат Университети хотин-қизлар қўмитасининг бошланғич ташкилоти раиси И.Е.Сейтназарова ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг бош педиатри  Г.О.Абдисаметовалар ўзларининг ижобий фикр-мулоҳозаларини билдиришди ва З.Ибрагимованинг фаолиятини қониқарли деб топишди.


Шунингдек, Конференцияда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Ҳамраев ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбаева иштирок этдилар.


Ўз навбатида А.Ҳамраев ва Т.Норбаевалар ҳам Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Ибрагимованинг фаолиятини ижобий баҳолаб, З.Ибрагимовани Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимига қайта сайладилар.


Г.Ешназарова

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши

Хотин-қизлар масалалари бўйича котибиати бош мутахассиси