01.06.2023, Пайшанба

Давлат бошқаруви самарали тизимини яратиш барқарор ривожланишнинг муҳим омилларидан бири сифатида

Давлат бошқаруви самарали тизимини яратиш барқарор ривожланишнинг муҳим омилларидан бири сифатида

 

Бугунги кунда жаҳонда геосиёсий вазият кундан-кунга кескинлашиб, давлатнинг миллий манфаатларига қарши турли кўринишда хавф-хатарлар ортиб бораётган, шунингдек, мамлакатнинг ички сиёсий жараёнларида номарказлаштириш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш, иқтисодиётни либераллаштириш, давлат ҳокимияти ва маҳаллий ҳокимият органлари ўртасидаги алоқаларнинг янгича тартибини шакллантириш билан боғлиқ ислоҳотлар амалга оширилаётган бир шароитда мамлакат тараққиётини таъминловчи энг муҳим омиллардан бири сифатида давлат бошқаруви тизими самарадорлигини ошириш ғоятда долзарб аҳамият касб этади. Зеро, инсониятнинг кўп асрлик давлатчилик тажрибаси шундан далолат берадики, давлат бошқаруви тизимидаги муаммолар нафақат ижтимоий-сиёсий кескинлик ортишининг зарурий шарти, айни пайтда бу ташқи таҳдидлар учун қўлай имконият ҳамда миллий манфаатларни ҳимоя қилиш тизимини заифлаштуривчи омил сифатида ҳам хизмат қилиши мумкин. Бу борада, Президентимиз Шавкат Мирзиёев тўғри таъкидлаганидек, “ишимизни тўғри ташкил этиш, унинг самарадорлигини таъминлаш, бутун бошқарув тизими фаолиятини сифат жиҳатидан замон талаблари даражасига кўтаришни бугун ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда”.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси давлат бошқарувининг ўзига хос институционал асослари шаклланган бўлиб, бу бирмунча мураккаб кўринишга эга. Айни пайтда ушбу институционал асослар пирамида шаклини эслатиб, бунда марказий бўғин ихчам ва профессионал бўлишини тақозо этади. Ўз навбатида, давлат ҳокимиятининг ҳудудий бирлик даражасидаги таркибий бўғинлари эса, юқори давлат органлари қарорларининг ҳудудда амалга оширилишини таъминлаши билан бир қаторда умумдавлат манфаатларини ҳудуд аҳолисининг манфаатлари билан уйғунлаштиришда, ҳудудларни комплекс ривожлантиришда, маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни ўз ваколатлари доирасида тезкор ҳал қила олишида етарли даражада ваколат ва ресурсларга эга бўлишини талаб этади.

Бу борада давлат бошқарувининг мутлақо янги, самарали ва сифатли тизимини яратиш, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг уйғун фаолиятини ташкил этиш бўйича қабул қилинган қатор ҳужжатлар ўз моҳиятига кўра, Ўзбекистоннинг давлат ва жамият қурилишида янги саҳифани бошлаб берди. Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ давлат бошқарувида амалга оширилган ислоҳотлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022 — 2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги ПФ-60-сон Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 22 ноябрдаги “2022-2023 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастурини ишлаб чиқиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ф-5-сон Фармойишида белгиланган вазифалар асосида изчилллик билан давом эттирилмоқда.

Шу билан биргаликда, ушбу соҳада кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириб келинаётганлигига қарамай, бу борада айрим ташкилий-ҳуқуқий муаммоларнинг ҳам учраётганлигини кўзатиш мумкин. Албатта, бу каби муаммолар асосан марказлашувнинг нисбатан юқорилиги, давлат аппаратида такрорланишлар ва кераксиз штатларнинг кўплиги билан бевосита боғлиқдир. Бу бўйича Президентимиз Ш.Мирзиёев шу йили ўзининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидлаганидек, “ҳозирги кунда давлат аппаратида такрорланиш кўп, кераксиз штатлар бор. Марказлашув юқори. Оқибатда бугунги мураккаб масалаларга тўғри ечим топиш учун ортиқча вақт, куч ва ресурс сарфланмоқда”.

Шу маънода, Янги Ўзбекистон шароитида замонавий талабларга жавоб берадиган ихчам давлат бошқаруви тизимини шакллантириш, қарор қабул қилиш ва масалани кўриб чиқиш жараёнларини соддалаштириш орқали давлат органлари раҳбарларининг масъулиятини ошириш ҳамда улар фаолиятини натижадорликка йўналтириш, шунингдек, Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастури ижросини таъминлаш мақсадида 2022 йил 21 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-269-сон Фармони қабул қилинди. Эндиликда ушбу Фармон билан:

2023 йил 1 январдан бошлаб Ҳукумат аъзоси бўлган ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг таркибий тузилмаларидан мустақил равишда Бош вазир билан тўғридан-тўғри ишлаши тизими жорий этилмоқда;

Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасида иқтисодиёт ва ижтимоий соҳалар бўйича котибиятлар, департаментлар ва улар ҳузуридаги бўлимлар, шунингдек, Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси, Ҳарбийлаштирилган тузилмалар фаолиятини молиявий ва моддий-техник таъминлаш бўлими, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш масалалари бўлими тугатилмоқда;

вазирлик, қўмита, агентлик ва инспекцияларни ўз ичига оладиган республика ижро этувчи ҳокимият органларининг ягона тизими белгиланмоқда.

Юқоридагилардан ташқари, Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари доирасида мамлакатимизда натижадорликка йўналтирилган ихчам ва профессионал давлат бошқаруви тизимини яратиш бўйича чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилишини таъминлаш, шунингдек, республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини янгиланган талаблар ва тамойиллар асосида ташкил этиш мақсадида 2022 йил 21 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари доирасида республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-447-сон қарори қабул қилинди. Мазкур Қарор доирасида:

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари масъулиятини ошириш мақсадида республика ва маҳаллий даражадаги бўғинларнинг функционал чегараси янада аниқ белгиланмоқда;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари бир вақтнинг ўзида хўжалик бошқаруви органларининг раҳбари вазифасини бажариши тақиқланмоқда;

уюшма ва бошқа хўжалик бирлашмаларига давлат ҳокимияти ваколатларини бериш ва уларнинг раҳбарларини Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан лавозимга тайинлаш амалиёти бекор қилинмоқда;

давлат бошқаруви аппаратини сақлаш билан боғлиқ харажатларни мақбуллаштириш, коррупциявий омилларни бартараф этиш ҳамда бюджет маблағларининг сарфланиши устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш механизмлари янада такомиллаштирилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу қарори билан Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари доирасида амалга ошириладиган биринчи навбатдаги чора-тадбирлар бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди. “Йўл харитаси”да белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилишини таъминлаш юзасидан масъул ижрочи бўлган давлат органларининг биринчи раҳбарларига шахсий масъулият юкланди.

Айни пайтда, мавжуд маълумотлар таҳлили шундан далолат бермоқдаки, давлат бошқаруви жараён сифатида ягона ҳужжат билан қонун доирасида комплекс жиҳатдан тартибга солиниши мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Бу йўналишдаги илғор хориж тажрибаси шуни кўрсатдики, дунёнинг деярли барча мамлакатларида давлат бошқаруви жараёнини мақсадли ҳуқуқий тартибга солиш самарали давлат бошқарувини таъминлаш шартларидан бири сифатида эътироф этилган. Хусусан, Австралия, Норвегия, Дания, Словения, Малта каби давлатларда  “Давлат бошқаруви тўғрисида”ги ва Тожикистонда “Тожикистон Республикаси давлат бошқарув органлари тизими тўғрисида”ги қонунлар билан давлат бошқаруви комплекс жиҳатидан ҳуқуқий тартибга солинганлигини кўриш мумкин. Зотан, давлат бошқаруви сифатининг етарли эмаслиги нафақат давлат бошқарувини амалга оширишнинг институционал асосларидаги камчиликлар билан, балки мазкур жараёнларнинг қонун даражасида тўлиқ тартибга солинмаганлиги билан ҳам боғлиқдир.

 Шу сабабли, фикримизча, тараққиётнинг муҳим шарти ҳисобланган самарали фаолият юритувчи бошқарув тизимини шакллантириш бўйича кенг кўламли маъмурий ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш мақсадида ижро этувчи ҳокимият органлари, шу жумладан, уларнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмаларини ташкил этиш ва тугатишнинг аниқ мезонлари ҳамда тартиб-таомилларини ўзида жамлаган, шунингдек давлат бошқарувининг ягона тамойиллари билан боғланган “Ўзбекистон Республикасининг давлат бошқаруви тизими тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши давлат бошқаруви тизимини сифат жиҳатидан янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш давлат институтининг самарали фаолият юритиши нуқтаи назаридан ғоятда муҳим аҳамият касб этади. Ўз навбатида, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар шароитида ва унга ҳамоҳанг равишда давлат бошқарувининг институционал асосларини такомиллаштириб бориш баробарида давлат бошқарувининг конституциявий-ҳуқуқий механизмларини ҳам ривожлантириш давлат бошқарувида ягона давлат иродасини таъминлашга хизмат қилиши билан бир қаторда мамлакатнинг барқарор ривожланишида муҳим омиллардан бири сифатида хизмат қилади.

 

 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Юридик хизмати бошлиғи, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори, сиёсатшунос Иматов Азат Маратович