21.09.2019, Шанба

Давлат байроқлари баланд кўтарилди


Бугун Нукус шаҳрининг энг фаизли жойларидан бирида, яъни машҳур И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи ёнида Муҳтарам Президентимиз ғоялари асосида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг байроқларини кўтаришга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.



Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, шоир ва ёзувчилар, олимлар, Нукус шаҳридаги миллий-маданий марказлари аъзолари, меҳнат фаҳрийлари, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари, таниқли спортчилар, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.


Тадбирни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Муса Тажетдинович Ерниязов очиб берди ва Муҳтарам Президентимиз ғоялари асосида ушбу флагштокнинг барпо этилаётгани, Юртбошимиз томонидан ушбу фаизли, чиройли ва гўзал жойнинг танлангани, давлат байроқларининг халқимиз ҳаёти ва юртимиз ривожида тутадиган ўрни ва аҳамияти, шунингдек сўнгги қисқа вақт ичида кўз олдимизда рўй бераётган ўзгариш ва янгиланишларга алоҳида тўхталиб ўтди.


Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси С.Саид, “Нуроний” жамғармаси Қорақалпоғистон бўлими раиси Ш.Уснатдинов ва Зульфия номидаги давлат мукофати совриндори Ш.Базарбаевалар нутқ сўзлаб, мамлакатимиз байроқлари халқимиз ғурури ва ифтихори, унинг ўтмиши, бугуни ва келажагини ўзида мужассам этган Ватанимизнинг ёрқин тимсоли эканини таъкидлаб ўтди.


Сўнг Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат гимни остида ҳар иккала республиканинг давлат байроқлари кўкга кўтарилди. 

Тадбир санъат ходимлари концерт дастури билан давом этди.


Маълумот ўрнида: Мазкур байроқлар 55 метр баландликда жойлашган ва ҳар бирининг эни 8 метр, узунлиги эса 15 метрни ташкил этади. 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Ахборот хизмати