29.03.2024, Жума

Томорқадан самарали фойдаланиш – асосий мезон


Президентимиз раислигида қишлоқ хўжалиги ерларини ижарага бериш, мева-сабзавотчилик кластерлари ҳамда томорқа хўжаликлари фаолиятини янада ривожлантириш борасидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.

Қайд этилганидек, келгуси йил пахта ва ғалладан қисқартириладиган 80 минг гектар ер аҳолига деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун 10 сотихдан 1 гектаргача, 10 йил муддатга ижарага берилади.

Бунда асосий мезон – томорқадан самарали фойдаланиш ва яратиладиган иш ўринлари бўлади. Танловда деҳқончиликда тажрибаси бор аҳоли, шунингдек, 3 та ижтимоий дафтарга кирган оилалар қатнашади.

Очиқ электрон танловда ҳар бир талабгорнинг ҳозиргача ўз томорқасидан қандай фойдаланаётганига янги жорий этилаётган ҳоким ёрдамчилари баҳо беради.

Ушбу ерларда деҳқончилик учун оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида сабзавот, полиз ва дуккакли экинлар экишга 6 ойлик имтиёзли давр билан 2 йилгача кредит ажратилади.

Деҳқон хўжалиги ердан оқилона фойдаланмаса, ижара шартномаси суд орқали муддатидан олдин бекор қилинади.

Йиғилишда бир ой муддатда 80 минг гектар ерни лотларга бўлиб, очиқ танловга чиқариш, ҳар бир ер участкасини икки кунда кадастр рўйхатидан ўтказиш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.

Келгуси йил 1 мартга қадар барча қишлоқ хўжалиги ерлари кадастр рўйхатидан ўтказилади.

– Бирорта ҳудуд раҳбарининг бу масалада “ўйин қилишга” ҳаққи йўқ, – деди Шавкат Мирзиёев. – Қуйига тушиб ушбу йўналишда коррупцияга қарши курашамиз. Бу борада қаттиқ назорат ўрнатилади.

Бугунги кунда 5,5 минг гектар яроқсиз боғлар ва 2,5 минг гектар токзорлар, яна бир қанча самарасиз иссиқхоналар мавжуд.

Йиғилишда ушбу боғ, токзор ва иссиқхоналарга тажрибаси бор тадбиркорларни жалб қилиш зарурлиги таъкидланди.

ЎзА