29.03.2024, Жума

Хотиржамликка берилишга ҳаққимиз йўқ

Муносабат

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида инвестиция масалалари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Тадбирда Инвестиция дастурининг жорий йил дастлабки тўрт ойидаги ижроси таҳлил қилиниб, прогноз кўрсаткичларини сўзсиз бажариш, жумладан, йирик ишлаб чиқариш қувватлари, ижтимоий ва инфратузилма объектларини фойдаланишга топшириш чора-тадбирлари муҳокама этилди.


Йиғилишда дастлаб давлатимиз раҳбари мамлакатимизда коронавирус пандемиясига қарши кураш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. Жумладан Президентимиз:

– Кейинги кунларда коронавирус билан касалланганлар сони республикамизда ҳам кўпайганлиги қайд этилмоқда.

Айтиш керакки, аксарият ҳудуд ва корхона раҳбарлари, фуқароларимиз карантин чораларининг юмшатилганини “касаллик тугади” деб, нотўғри қабул қилмоқдалар – дея куйиниб гапирдилар.

Дарҳақиқат, сўнгги кунларда юртимизда коронавирус юқтирганлар сони жадаллик билан ошиб бормоқда. Баъзилар карантин чекловлари енгиллаштирилганлигидан фойдаланиб, бепарволикка берилмоқда. Натижада аҳоли орасида касаллик юқтирганлар яна кўпайишни бошлади. Тўғри МДҲ давлатларига солиштирганда вирус юқтирганлар сони Ўзбекистонда анча кам, лекин касаллик чекингани йўқ, касал юқтирганлар сони кўпайиб бормоқда. Бу эса ўз навбатида яна да қатъий чоралар кўришга олиб келиши мумкин.

Шунингдек давлатимиз раҳбари карантин қоидаларига амал қилмаслик ҳолатлари кўпайиб бораётгани бундай салбий ҳолатлар касалликни аниқлаш, олдини олиш ва даволаш учун қилаётган барча ҳаракатларимиз, бюджетдан олинаётган триллионлаб харажатларимиз натижадорлигини йўққа чиқариши мумкин дея таъкидлади. Шу билан бирга Республика комиссияси вилоят ҳокимлари билан бирга бир кун муддатда эпидемиологик вазият ёмонлашган ҳудудларнинг тоифасини қайта кўриб чиқсин ҳамда карантин чораларини кучайтириш бўйича таклиф киритиши лозимлиги белгилаб олинди.

Бугунги кунда юртимизда коронавирусга чалинганлар сони 3300 дан ошиб кетди. Қорақалпоғистон Республикасида коронавирусга чалинган беморларнинг умумий сони 133 нафарни ташкил этмоқда. Даволаниб чиққанлар – 122 киши бўлса, ҳозирда даволанаётганлар сони – 11 киши. Сўнгги кунларда Қорақалпоғистонда ҳам касаллик юқтирганлар аниқланмоқда. Демак, хотиржамликка берилишга ҳаққимиз йўқ. Одамлар шуни тушуниш керак, карантин чоралари юмшатилди дегани, карантин тугади дегани эмас. Юртимизда энг охирги бемор тўлиқ соғайгандан сўнг карантин тугатилади. Унгача бепарволикка берилмасдан, барча даражадаги депутатларимиз, партия фаоллари аҳоли орасида ҳар куни санитария-гигиена қоидаларига амал қилиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришни давом этишимиз шарт.

 

Тажибай Романов

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати

Қорақалпоғистон Республикаси

ҳудудий бўлинмаси раҳбари, Жўқорғи Кенгес депутати