29.03.2024, Жума

Томорқа майдонларига сув етказиб берилди

Аҳолининг  томорқа майдонларидан самарали фойдаланишни ташкил қилиш, бунинг учун томорқа эгаларига ҳар томонлама ёрдам бериш бугунги куннинг муҳим масалаларидан саналади. Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратган. Жумладан, томорқа майдонларини суғоришда юзага келган муаммоларни бартараф қилиш бўйича фуқаролар мурожаатлари ўз вақтида кўриб чиқилиб, амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда.    

Масалан, яқинда Нукус  тумани «Кердер» овул фуқаролар  йиғини ҳудудида яшовчи аҳоли вакиллари номидан Дуйсенбай Сейлханов мурожаат қилган эди. Мурожаатда овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги томорқа майдонларига сув етказиб берувчи “Р-3-1” ички канални қазиш учун техника ажратиш ва аҳолининг томорқа майдонларини суғоришда юзага келаётган муаммони бартараф қилиш бўйича амалий ёрдам беришни сўраган.

Мазкур мурожаат бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг шахсан ўзлари тезкор топшириқ бериб, вазирлик томонидан махсус техника ажратилди. Бошқа ҳудудда ишлаб турган экскаватор «Кердер» овул фуқаролар  йиғини ҳудудидага етиб борди. Бир зумда томорқасига сув келишини илҳақ бўлиб кетаётган ҳудуд аҳолиси  жам бўлишди.

Замонавий техника билан бирга томорқа эгалари ҳам бири белкурак, бири кетмон олиб ишга киришиб кетдилар. Канал бошланишидаги катта бетон трубадан деярли сув ўтмайдиган даражада лойқа билан кўмилиб қолган экан. Аҳоли навбатлашиб труба ичини тозаласа, қудратли техника канални томорқа майдонлари сари қазиб борарди.

Хуллас, икки кунлик меҳнатдан сўнг мурожаатчилар муаммоси ҳал бўлди. Нукус туманидаги «Кердер» овул фуқаролар  йиғини ҳудудида        “Р-3-1” ички каналининг 500 метри қисми қазилиб, томорқа майдонларига сув етказиб берилди.

Ғайратжон Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги

вазирлиги матбуот котиби