24.02.2020, Душанба

«Қатты ағар» яъни «Анасай» канали қайта қазилмоқда

Айни кунларда Нукус шаҳрини кесиб ўтувчи иккита йирик каналнинг бири, халқ тилида «Қатты ағар» дея номланувчи “Анасай” магистраль каналининг ҳар соҳилида ўнлаб замонавий техникалар ишламоқда. Ўтган йил бошланган қазиш ишлари ҳозир Нукус шаҳри марказини кесиб ўтувчи қисмида давом қилмоқда. Шу боис ушбу йирик реконструкция ишларига гувоҳ бўлаётганлар олдин бу каби йирик қазиш ишларини кўрмаганлигини эътироф қилишмоқда. Ҳақиқатан ҳам «Анасай» магистраль канали 1986 йил қазилиб, фойдаланишга топширилган ва шу пайтгача қайта қазилмаган.


Каналнинг умумий узунлиги 13,5 километрни ташкил қилади. Мазкур канал лойиҳа бўйича секундига 342 куб метргача сув ўтказиш қобилиятига эга бўлган. Аммо, канал қурилганидан буён яъни, қарийиб 33 йилдан буён қазиб тозаланмаганлиги, йиллар давомида лойқа сув оқиб туриши натижасида канал ўзани  бир неча баробар кичрайган. Натижада ҳозирги кунга келиб, каналнинг ўртача сув ўтказиш қобилияти секундига 100 куб метргача пасайган эди. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 ноябрдаги “2018-2019 йилларда ирригация ва суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш Давлат дастури тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ўтган 2019 йилда «Анасай» магистраль каналида босқичма-босқич реконструкция ишлари бошланган эди. Белгиланган лойиҳа асосиджа йил якунигача 4 миллиард 207 миллион сўмлик  ишлар бажарилган. 


Ҳозирги кунда Сув хўжалиги вазирлигига қарашли “Каттагар-Бозатау” ирригация тизимлари бошқармаси тассарруфидаги  «Анасай» магистраль каналида «Бунёдкор мерос» масъулияти чекланган жамияти томонидан қазиш ва реонструкция ишлари жадал олиб борилмоқда. Тегишли давлат дастурига мувофиқ мазкур каналнинг жорий йилда қазиш ва реконструкция ишларига 3 миллиард 900 миллион маблағ ажратилган. Бу ишга жами 37 та замонавий техникалар жалб қилинган. Шунингдек, техникаларни бошқараётган 60 нафар механизаторларга объект қошида штаб ташкил қилинган бўлиб, уларнинг самарали ишлаши учун етарлича шароитлар яратилган.


- Эътиборлиси, “Анасай” магистраль каналида қазиш ишлари якунлангач сувдан фойдаланиш коэффициенти 30 фоиздан 85 фоизгача ошади, - дейди Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Адилбек Реимбаев. - Аҳолининг томорқа майдонлари, фермер хўжаликларининг экин майдонлари умуман олганда истеъмолчиларга сув етказиб бериш сифати яхшиланади. Мазкур каналда олиб борилаётган қазиш ишлари ҳудуд атрофидаги суғориладиган экин майдонларининг мелиоратив ҳолати яхшиланишига, ҳосилдорлик гектарига 3-4 центнерга ошишига хизмат қилади.

“Анасай” магистраль канали орқали Нукус шаҳри, Нукус ва Бўзатов туманларидаги жами 51 минг 498 гектар суғориладиган экин майдонларга сув етказиб берилади. Ҳозирги давлат буюртмаси асосида  1165 гектар майдонга пахта, 5 минг 800 гектар ғалла, 4 минг гектар сабзавот-полиз ва 39 минг 628 гектар майдонда бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириш белгиланган. Йиллар давомида канал ўзанининг қисқариши натижасида мазкур майдонларда суғориш тадбирларини амалга оширишда қийинчиликлар юзага келаётган эди. Эндиликда, каналдаги қазиш ишлари якунига етгач, фермер хўжаликларидан ташқари ҳудуддаги аҳоли томорқалари ва чорвачилик яйловларини ҳам сув билан таъминлаш имконияти янада ошади.


Маълумки, Президентимизнинг 2019 йил 7 ноябрдаги “Қорақалпоғистон Республикасида чорвачилик тармоқларини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Бўзатов, Мўйноқ, Тахтакўпир ва Қўнғирот туманларини чорвачиликка ихтисослаштириш белгиланди. Шунингдек, фойдаланилмаётган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, шунингдек, суғориш каналларини тозалаш ҳисобига қўшимча ер майдонларини ўзлаштириш билан боғлиқ чора-тадбирлар дастурлари қарорнинг тегишли иловаларига мувофиқ тасдиқланди. Айни кунларда “Анасай” магистраль каналида жадал олиб борилаётган қазиш ва реконструкция ишларининг яна бир муҳим жиҳати, мазкур қарорнинг тегишли бандлари ижросини таъминлашга хизмат қилишидир.

Бир сўз билан айтганда, “Қаттағар”нинг 33 йилдан сўнг қайта  қазилиб, реконструкция қилиниши тегишли ҳудудлардаги экин майдонларидан юқори ҳосил олиш билан бирга замонавий чорвачилик комплексларини ишга тушириш, аҳолининг чорвачилик маҳсулотлари, айниқса, гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлаш даражасини яхшилашга ҳамда аҳолининг даромадини оширишга хизмат қилиши шубҳасиздир.

 

Ғайратжон ОТАЖОНОВ.

М.Ҳабибуллаев (ЎзА) олган суратлар.

 

Изоҳ: Канални икки хил номини келтиришимнинг боиси кейинги номини кўпчилик ҳатто соҳа вакиллари ҳам яхши билавермайди. Оммага тушунарли бўлиши учун халқ тилидаги номини келтирдим. Чунки, бир пайтлари мазкур канални маҳаллий аҳоли оқими жуда кучли бўлгани учун «Қатты ағар», дея номлаган.