21.10.2019, Душанба

Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича муҳокамалар ўтказилди

Нукус шаҳрида Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича муҳокамалар ўтказилди

2019 йилнинг 30 сентябрь – 6 октябрь кунлари Нукус шаҳрида Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича Қўшма Ўзбекистон-Туркманистон ҳукуматлараро комиссияси ишчи гуруҳларининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Тадбир давомида томонлар демаркациянинг меъёрий-техник ҳужжатларини солиштириб чиқдилар ва уларни Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича Қўшма Ўзбекистон-Туркманистон ҳукуматлараро комиссияси томонидан тасдиқлашга киритишга келишдилар.

Учрашувда, шунингдек, ўзаро чегарада аэрофотосуратга олиш юзасидан фикр алмашилди.

Музокаралар якунида делегациялар раҳбарлари - Ўзбекистон Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Тўлқин Абдуллаев ва Туркманистон Мудофаа вазирлигининг 5-сонли корхонаси раҳбари Мамед Маммедов тегишли Баённома имзоладилар.

ЎзА