19.06.2019, Чоршанба

Тарим кўлини тикладик, Оролни ҳам қутқарамиз


 

“Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликдаги ҳаракатлар: янгича ёндашувлар, инновацион ечимлар ва инвестициялар” мавзусидаги халқаро конференциядан онлайн хабар.

 

Орол масаласи, унга кўмак бериш ва тиклаш чораларини қидириш борасидаги суҳбатлар жараёнида қизиқарли фикрлар айтилмоқда. Улар орасида бир тажриба эътиборимизни тортди.

 

Бизда ҳам Тарим йирик кўли бўлиб, у 1970 йилларда қурий бошлаган ва 60 фоиз ўсимлик дунёси нобуд бўлган эди, – дейди Хитой фанлар академиясининг Синьцзян бўлими вице президенти Чэнь Си. – Ана шунда 2001-2015 йиллар давомида олиб борилган изланишларимиз самарасида уни тиклашга эришдик. Ҳозирда ундаги ўсимликлар дунёсини тиклаб, кичик кўл барпо этдик.

 

Илмий жамоамизнинг ана шу тажрибасини янада кенгайтириб, уни инновацион янгиликлар билан бойитган ҳолда Оролни ўрганишни бошладик. Ва бу борада лойиҳани амалга ошириш ниятидамиз.

 

Агарда Оролни кузатадиган бўлсак, унинг асосий муаммоси биохилма-хилликнинг йўқолиб бориши, ернинг шўрланиш даражаси ошиб, уни туз босгани деб айтиш мумкин.1979-2015 йилларни кузатадиган бўлсак, Туркманистон ва Ўзбекистон ҳудудида ерларнинг туз босиш даражаси ортиб бормоқда. Туз келтирадиган хавф тобора ортиб, унинг ҳудудлари йил сайин кенгайиб бормоқда. 2000-2016 йиллар мисолида айтадиган бўлсак, туз бўронлари олдинроқ йилига 15 марта бўлса, энди 25 марта кузатилмоқда.

 

Туз келтирадиган хавф жуда кўп бўлиб, у туфайли сув парланиб, ўсимликлар дунёси камайиб, аҳолининг соғлиғи ёмонлашиб боради. Лойиҳамизда учувчисиз самолётлар ёки дронлардан фойдаланиш орқали туз бўронларига барҳам бериш, сувнинг тежашни янги усулларини ўрганиш ва ишлаб чиқиш эътиборимизда бўлади.

 

Сайёра Шоева, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА