06.07.2020, Понедельник

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 июндаги “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги ПҚ-3777-сонли қарори ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 июндаги “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги 

ПҚ-3777-сонли қарори ҳақида

 

Сўнгги йилларда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва бунёдкорлик салоҳиятини қўллаб-қувватлаш орқали аҳолига муносиб ҳаёт шароитларини яратиш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, бандликни таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Шу билан бирга, олиб борилган таҳлил натижалари жойларда аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва бу орқали янги иш ўринларини яратиш, бандликни таъминлаш, ўз меҳнати билан даромад топиш истагида бўлган фуқароларга амалий ёрдам кўрсатиш, меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш ишлари талаб даражасида эмаслигини кўрсатмоқда.

Меҳнаткаш ҳалқимизнинг қадимий касб-ҳунар анъаналари, ишбилармонлик салоҳияти оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик, касаначилик ва бошқа тадбиркорлик фаолияти турларини кенг оммалаштириш, экин майдонларидан унумли фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун катта тажриба ва захира мавжудлигидан далолат беради.

Ҳар бир оиланинг тадбиркорлик билан шуғулланиши ва барқарор даромад манбаига эга бўлиши учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши қарор қилади:

 

1. Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 7 июньдаги “Ҳар бир оила-тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги ПҚ-3777-сонли қарори ижро учун раҳбарликка олинсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур Қарори билан: 

а) мамлакатимизнинг ҳар бир туман ва шаҳрида, энг аввало олис ва табиий-иқлим шароити оғир ҳудудларда аҳолининг моддий шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш тарзи сифати ва даражасида сезиларли ижобий ўзгаришлар амалга оширилишини таъминлашга қаратилган “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастури (кейинги ўринларда Дастур деб юритилади) амалга оширилиши белгилаб қўйилганлиги;

б) қуйидагилар Дастурнинг асосий йўналишлари этиб белгиланганлиги:

тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-кувватлаш, уларга имтиёзли кредитлар ажратиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва амалга оширишнинг ҳар бир босқичида мутасадди идоралар томонидан тизимли амалий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш;

тадбиркорлик ва даромад келтирадиган меҳнат фаолияти билан шуғулланмаган аҳолига тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиш ва тегишли фаолият турини ташкил қилишга амалий ёрдам кўрсатиш;

тадбиркорлик субъектлари фаолиятини кенгайтиришга амалий ёрдам бериш орқали қўшимча иш ўринлари яратиш;

касаначилик ва кичик ҳажмда ишлаб чиқарувчи субъектларни (микрофирмаларни) ташкил этиш учун молиявий ёрдам бериш орқали аҳолига қўшимча даромад ишлаб топиш имкониятини яратиш;

қишлок ва маҳаллаларнинг ихтисослашувини (ҳунармандчилик, тикувчилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг айрим турларини етиштириш, ихчам иссиқхоналар ташкил қилиш ва бошқалар) ҳисобга олган ҳолда мазкур соҳада ижобий натижаларга эришган ишбилармонлик тажрибасига эга тадбиркорларни маҳаллаларда янги бизнес фаолияти билан шуғулланишни бошлаган оилаларга бириктириш - мини-кластерлар ташкил этиш;

жойларда оилавий тадбиркорликка кўрсатиладиган хизматлар кўламини тубдан кенгайтириш, тадбиркор оилаларнинг ишлаб чиқарган маҳсулотлари савдосини ташкил қилувчи бозор инфратузилмаси объектлари, хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчаларини барпо этиш;

қишлоқ ва маҳаллаларда бўш турган ер майдонларини янги ташкил этилаётган оилавий тадбиркорлик субъектларига бериш орқали аҳоли учун қўшимча иш ўринлари ва даромад манбаларини яратиш;

вақтинчалик молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ҳамда давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият юритаётган тадбиркорларни аниқлаб, улар фаолиятини тиклаш ва қонунийлаштириш юзасидан аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш;

в)  Дастурни амалга ошириш учун қуйидаги ишчи гуруҳлар тузилиши:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари раҳбарлигида “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастури доирасида амалга оширилаётган ишларни мувофиқлаштириш бўйича ташкилий ишчи гуруҳлар (кейинги ўринларда - Ташкилий мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳлар);

инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалаларига масъул бўлган Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ўринбосарлари раҳбарлигида Аҳолига тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиш ва тавсиялар бериш бўйича махсус ишчи гуруҳлар (кейинги ўринларда - Махсус ишчи гуруҳлар);

туман (шаҳар) ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари раҳбарлигида Тадбиркорлик фаолияти ташкил этишга амалий ёрдам бериш ҳамда мониторинг қилиш бўйича ҳудудий ишчи гуруҳлар (кейинги ўринларда - Ҳудудий ишчи гуруҳлар);

Бунда:

Ташкилий мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳлар Марказий банкнинг ҳудудий бошқармалари, ҳудудий молия, солиқ, инвестиция бошқармалари, тижорат банклари ҳудудий филиаллари ва иқтисодий мажмуага кирувчи бошқа идораларнинг масъул ходимлари, Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳудудий бўлинмалари раҳбар ходимлари;

Махсус ишчи гуруҳлар ҳудудий Савдо-саноат палатаси, инвестиция, солиқ бошқармалари, тижорат банклари ҳудудий филиаллари, “Хунарманд” уюшмаси, Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳудудий бўлинмалари вакиллари;

Ҳудудий ишчи гуруҳлар иқтисодий мажмуага кирувчи ташкилотлар малакали мутахассис ходимларининг 50 фоиз қисмидан, банк филиаллари, Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши туман бўлинмалари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимлари ва профилактика инспекторларидан иборат таркибда шакллантирилади;

г).  Ташкилий мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳларга:

Ҳудудий ишчи гуруҳларнинг ҳар бир оилани ўрганиш натижалари бўйича ишларини мувофиқлаштириш;

Ҳудудий ишчи гуруҳлар томонидан ўрганиш натижалари бўйича киритилган муаммоларни ҳал этиш чораларини кўриб бориш, республика миқёсида ҳал этилиши зарур бўлган масалаларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, тегишли вазирлик ва идораларга киритиб бориш;

туман ва шаҳарларда тадбиркорлик фаолияти ривожланиши учун қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш, янада қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

аҳолини тадбиркорликка жалб этиш, фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-кувватлаш борасида Ҳудудий ишчи гуруҳларнинг фаолиятини мунтазам равишда мониторинг қилиб бориш ва ҳар ой натижалари бўйича улар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирларини белгилаш;

ҳар бир туман ва шаҳарда Дастурда белгиланган вазифалар ижроси юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва уларнинг натижалари хусусида Дастур координаторларига батафсил ахборот киритиб бориш вазифалари юклатилганлиги;

д) Махсус ишчи гуруҳларга:

тадбиркорлик билан шуғулланиш иштиёқида бўлган фуқароларни ушбу фаолиятга йўналтириш учун жойларга чиққан ҳолда “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш асослари ва унинг маҳаллий шароитларга мос бўлган турлари” мавзусида ўқув машғулотларини ўтказиш, уларга аниқ ҳисоб-китоблар асосида ишлаб чиқилган турли йўналишлардаги тайёр бизнес-режаларни тақдим этиш;

ички ва ташқи бозорларни доимий равишда ўрганиб борган ҳолда барқарор ҳамда долзарб талабга эга бўлган маҳсулотларнинг рўйхати ва ҳажми юзасидан маълумотлар базасини шакллантириш, ҳар ойда янгилаб бориш ҳамда ушбу маълумотларни оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғидан кенг фойдаланган ҳолда аҳолига мунтазам равишда етказиб бориш ва йўналишлар бериб бориш;

харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун замонавий минитехнология ва бошқа ускуналарнинг тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган оилаларга тақдимотларини ўтказиш ва сотиб олишига кўмаклашиш;

кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи аҳолига касаначилик ва кичик ҳажмда маҳсулот ишлаб чиқарувчи микрофирмаларни ташкил этиш орқали қўшимча даромад топиш имконини яратиш;

тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни сотиш 
(шу жумладан, бюджет ташкилотларига) орқали уларнинг фаолиятига кўмаклашиш юклатилсин;

е) Ҳудудий ишчи гуруҳларга:

ҳар бир оила ва хонадонларни хатлов асосида қамраб олган ҳолда тадбиркорлик билан шуғулланиш салоҳияти, истак ва таклифларни синчковлик билан ўрганиш;

ўрганиш давомида оилаларнинг тадбиркорлик ғояси ва кўникмаси, ушбу фаолиятни амалга ошириш учун етарли шароитлари мавжудлигини аниқлаш;

ҳовли ва кўп қаватли хонадонларда яшовчи ҳар бир оиланинг тадбиркорлик салоҳияти ва имкониятларини таҳлил қилиш, яшаш ҳудудининг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда уларнинг тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишлари учун кенг қамровли йўналишлар бериш ва кўмаклашиш;

тадбиркорликни йўлга қўйиш ёки ривожлантириш истагида бўлган шахсларга тижорат банклари томонидан кредитлар ажратиш ишларини ташкиллаштириш;

аҳолининг шахсий томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланиш юзасидан таклифлар бериш, уларни амалга оширишга кумаклашиш;

тадбиркорлик билан шуғулланаётган ва фаолият турини кенгайтириш истагини билдирган оилаларга янги лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда айрим сабабларга кўра фаолиятини тўхтатган тадбиркорлик субъектлари ва хунармандлар фаолиятини қайта тиклаш учун тегишли шарт-шароитлар яратилиши ҳамда мавжуд муаммолар ҳал этилишига амалий ёрдам бериш;

тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш, уни амалга оширищда ҳужжатларни расмийлаштириш ва бошка давлат хизматлари кўрсатилишида тавсиялар ҳамда кўмак бериш;

ҳар ойда камида бир марта тадбиркорликни янги ташкил килган оилаларга ташриф буюриб, фаолияти давомида юзага келаётган муаммоларни ўрганиб бориш, уларни бартараф этиш ва ажратилган имтиёзли кредитлардан фойдаланиш самарадорлигини ўрганиш;

ўрганиш натижалари бўйича ҳудуд ва республика миқёсида ҳал этилиши зарур бўлган масалалар ва таклифларни Ташкилий мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳларга киритиб бориш вазифалари юклатилганлиги;

ж) Дастур амалга оширилишини мувофиқлаштириш, тизимли мониторинг қилиш ва руёбга чиқарилишига кўмаклашиш Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг ўринбосари А.Р. Каримов, иқтисодиёт вазирининг ўринбосари 
А.Ж. Ортиқов, Марказий банк раисининг ўринбосари А.Р. Исламовлар - Дастур координаторларига юклатилганлиги;

Дастур координаторлари ишчи гуруҳлар томонидан олиб борилаётган ишлар юзасидан ҳар ой якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига ахборот киритиб бориш топширилганлиги;

3) Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-кувватлаш жамғармасига, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасига зарур бўлган ҳолатларда Дастурда белгиланган вазифаларни қўшимча молиялаштириш тавсия этиш;

Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-кувватлаш давлат жамғармасига (кейинги ўринларда - Жамғарма) Дастур доирасида тадбиркорлик субъектларига ажратиладиган кредитларга устувор равишда кафилликлар ва фоиз ҳаражатларини қоплаш учун компенсациялар ажратиш;

Ташкилий мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳлар Жамғармага тадбиркорлик субъектларига ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз ҳаражатларини қоплаш учун компенсация тақдим этиладиган йўналишларни кенгайтириш юзасидан таклифлар киритиб бориш топширилганлиги;

и) тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар:

энг кам иш ҳақининг юз эллик бараваригача миқдорда – оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар раҳбарлари ва маҳалла фуқаролар йиғини тавсияномалари;

энг кам иш ҳақининг минг бараваригача миқдорда - белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган кичик тадбиркорлик субъектларига учинчи шахс кафиллиги, суғурта полислари, кредит ҳисобига сотиб олинаётган мол-мулклар гарови, Жамғарманинг кафиллиги ва қонун ҳужжатлари доирасидаги бошқа таъминот турлари;

энг кам иш ҳақининг минг бараваридан ортиқ миқдорда - тадбиркорлик субъектларининг инвестициявий лойиҳаларини кредитлашда қонун ҳужжатлари доирасида белгиланган таъминот турларига асосан ажратилиши белгилаб қўйилганлиги;

й) Дастур координаторлари зиммасига туман ва шахарларда кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан самарадорлиги юқори, барқарор иш ўринлари яратишга қаратилган лойиҳаларга энг кам иш ҳақининг минг бараваридан ортиқ миқдорда Дастур доирасидаги ресурслар ҳисобидан имтиёзли кредит ажратишга Ташкилий мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳларнинг қарорига асосан хулоса бериш вазифаси юклатилиш;

Ташкилий мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳлар аъзолари ўз қарори асосида имтиёзли кредит ажратилган лойиҳаларнинг тўлиқ ишга туширилиши ҳамда келгусида ушбу лойиҳаларнинг самарали ишлашини мониторинг қилиш;

Дастур координаторлари Ташкилий мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳларнинг қарорлари асосида кредит ажратилган инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ҳолатини алоҳида назорат қилиб бориш топширилганлиги;

к) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига суғурта ташкилотлари билан биргаликда тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитларнинг қайтмаслик хатари суғурталанганда суғурта тўловини 1,5 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда белгилаш ҳамда суғурталаш шартларини енгиллаштириш чораларини кўриш топширилганлиги;

л) Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда фойдаланилмаётган ер майдонларини инвентаризациядан ўтказиб, белгиланган муддатларда фойдаланилмаган ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда бекор қилиниши ҳамда ушбу ер майдонларини Дастур доирасида фаолиятини бошлаётган ва кенгайтираётган тадбиркорлик субъектларига ажратиш юзасидан зарурий чоралар кўриш топширилганлиги;

м) Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият юритаётган тадбиркорларни аниқлаш ва улар фаолиятини қонунийлаштириш юзасидан аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш ва натижаси юзасидан ҳар чорак якуни бўйича Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб бориш топширилганлиги;

н) Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлигига Савдо-саноат палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда мунтазам равишда туман ва шаҳарларда замонавий минитехнологиялар ва бошқа ускуналар сайёр кўргазмаларини ташкил қилиш чораларини кўриш топширилганлиги;

о) Жорий йилнинг 10 июнидан бошлаб намунавий тарзда Андижон вилоятининг туман ва шаҳарларида “Ҳар бир оила - тадбиркор” ҳудудий дастури (кейинги ўринларда - Ҳудудий дастур) амалга оширилиши;

Андижон вилояти ҳокимига (Ш.Қ.Абдураҳмонов) жорий йилнинг 
10 июнига қадар мазкур қарорда кўрсатилган ишчи гуруҳларни тузиш топширилганлиги;

п) Ҳудудий дастурда кўзда тутилган вазифаларни молиявий таъминлаш мақсадларига Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан жалб қилинадиган хорижий молия институтлари кредит линияларидан 200 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар ажратилиши маълумот учун қабул қилинганлиги;

Дастур координаторларига мазкур маблағларни туманлар (шаҳарлар) салоҳияти, келиб тушган мурожаатларнинг асосланганлиги, шакллантирилган лойиҳаларнинг истиқболи ва қўшимча иш ўринлари яратишга йўналтирилганлиги ҳамда ҳақиқий эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда Андижон вилояти тижорат банклари ва туманлар (шаҳарлар) кесимида тақсимлаши ҳамда уларга зарур ҳолларда қайта тақсимлаш ваколатини бериш топширилганлиги;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки 
(А.К.Мирсоатов) ушбу кредит маблағларини Дастур координаторлари тақсимотига асосан Андижон вилоятида фаолият юритувчи тижорат банкларига йиллик 3 фоиз тўлов шарти билан қайта молиялаштириш топширилганлиги;

р) Андижон вилояти ҳокимлигига (Ш.Қ.Абдураҳмонов) манфаатдор вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари, Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат Халқ банки билан биргаликда:

бир ой муддатда наслли қорамол, парранда ва қуёнларни маҳаллий шароитларга мослаштирувчи махсус фермаларни ташкил этиши;

мазкур фермаларга чет элдан маҳсулдорлиги юқори бўлган наслдор қорамол, эчки ва қуён зотларини олиб келиш, кўпайтириш ҳамда вилоятнинг табиий-иқлим шароитларига мос зотларини яратиш, молларни сунъий қочиришнинг илғортехнологияларини жорий этиши;

мазкур фермаларда маҳаллий шароитга мослаштирилган наслдор қорамол, эчки ва қуён зотларининг кўргазмаларини ташкил этиш ва аҳоли хоҳишига асосан уларни танлов асосида мақбул нархларда сотиб олинишига замин яратиши;

аҳолига махсус фермалардан сотиб олинган чорва моллари, қуён ва паррандаларни боқиш технологияларини батафсил тушунтириш ва келгусида ҳар бир хонадонда мавжуд чорва моллари ва паррандаларни вакцинация қилиш тадбирларини амалга ошириши, аҳолига наслдор молларни сунъий қочириш ва узлуксиз ветеринария хизматлари кўрсатиш тармоғини кенгайтириши;

сифатли омихта ем ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил қилиш борасида лойиҳа ташаббускорларига ҳар томонлама кўмаклашиш, аҳолининг йиллик эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда омихта ем, витаминлар, премикслар, қўшимчалар ҳамда ветеринария препаратларини етказиб бериши;

йирик тадбиркорларни жалб этган ҳолда саноатлашган чорвачилик кластерларини ташкил этиш чораларини кўриш топширилганлиги;

с) Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - молия вазири 
Ж.А.Қўчқоровга, ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Б.З.Асадов Андижон вилояти ҳокими Ш.Қ.Абдураҳмонов билан биргаликда оилавий тадбиркорлик фаолияти илғор ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш учун Андижон вилояти иқтисодий комплекси мутасадди ходимларини хизмат сафарига юбориш бўйича тегишли чораларни кўриш топширилганлиги;

т) республиканинг бошқа ҳудудларида Дастур уни амалга оширишнинг аниқ молиявий манбалари ва ҳисоб-китобларини назарда тутган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида амалга оширилиши белгиланганлиги;

ў) Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ҳафта муддатда “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастури доирасида кредитлар ажратиш тартибини ишлаб чиқиш тавсия этилганлиги;

ш) Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига ушбу қарор билан белгилаб берилган мақсад ва вазифаларни кенг кўламда ёритиш тавсия этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

3. “Ҳар бир оила-тадбиркор” дастури доирасида амалга оширилаётган ишларни мувофиқлаштириш бўйича Ташкилий ишчи гуруҳи таркиби 
1-иловага;

“Ҳар бир оила-тадбиркор” дастури дорасида аҳолига тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиш ва тавсиялар бериш бўйича Махсус ишчи гуруҳи таркиби 2-иловага;

“Ҳар бир оила-тадбиркор” дастури доирасида тадбиркорлик фаолияти ташкил этишга амалий ёрдам бериш ҳамда мониторинг қилиш бўйича Ҳудудий ишчи гуруҳи таркиби 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Ташкилий ишчи гуруҳ раҳбари (Тажетдинов)га:

Ҳудудий ишчи гуруҳларнинг ҳар бир оилани ўрганиш натижалари бўйича ишларини мувофиқлаштириш;

Ҳудудий ишчи гуруҳлар томонидан ўрганиш натижалари бўйича киритилган муаммоларни ҳал этиш чораларини кўриб бориш, республика миқёсида ҳал этилиши зарур бўлган масалаларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, тегишли вазирлик ва идораларга киритиб бориш;

туман ва шаҳарларда тадбиркорлик фаолияти ривожланиши учун қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш, янада қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

аҳолини тадбиркорликка жалб этиш, фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-кувватлаш борасида Ҳудудий ишчи гуруҳларнинг фаолиятини мунтазам равишда мониторинг қилиб бориш ва ҳар ой натижалари бўйича улар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирларини белгилаш;

ҳар бир туман ва шаҳарда Дастурда белгиланган вазифалар ижроси юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва уларнинг натижалари хусусида Дастур координаторларига батафсил ахборот киритиб бориш вазифалари юклатилсин.

5. Махсус ишчи гуруҳ раҳбари (Хабибуллаев)га:

тадбиркорлик билан шуғулланиш иштиёқида бўлган фуқароларни ушбу фаолиятга йўналтириш учун жойларга чиққан ҳолда “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш асослари ва унинг маҳаллий шароитларга мос бўлган турлари” мавзусида ўқув машғулотларини ўтказиб, уларга аниқ ҳисоб-китоблар асосида ишлаб чиқилган турли йўналишлардаги тайёр бизнес-режаларни тақдим этиш;

ички ва ташқи бозорларни доимий равишда ўрганиб борган ҳолда барқарор ҳамда долзарб талабга эга бўлган маҳсулотларнинг рўйхати ва ҳажми юзасидан маълумотлар базасини шакллантириш, ҳар ойда янгилаб бориш ҳамда ушбу маълумотларни оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғидан кенг фойдаланган ҳолда аҳолига мунтазам равишда етказиб бориш ва йўналишлар бериб бориш;

харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун замонавий минитехнология ва бошқа ускуналарнинг тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган оилаларга тақдимотларини ўтказиш ва сотиб олишига кўмаклашиш;

кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи аҳолига касаначилик ва кичик ҳажмда маҳсулот ишлаб чиқарувчи микрофирмаларни ташкил этиш орқали қўшимча даромад топиш имконини яратиш;

тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни сотиш (шу жумладан, бюджет ташкилотларига) орқали уларнинг фаолиятига кўмаклашиш юклатилсин.

6. Ҳудудий ишчи гуруҳ раҳбарларига:

ҳар бир оила ва хонадонларни хатлов асосида қамраб олган ҳолда тадбиркорлик билан шуғулланиш салоҳияти, истак ва таклифларни синчковлик билан ўрганиш;

ўрганиш давомида оилаларнинг тадбиркорлик ғояси ва кўникмаси, ушбу фаолиятни амалга ошириш учун етарли шароитлари мавжудлигини аниқлаш;

ҳовли ва кўп қаватли хонадонларда яшовчи ҳар бир оиланинг тадбиркорлик салоҳияти ва имкониятларини таҳлил қилиш, яшаш ҳудудининг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда уларнинг тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишлари учун кенг қамровли йўналишлар бериш ва кўмаклашиш;

тадбиркорликни йўлга қўйиш ёки ривожлантириш истагида бўлган шахсларга тижорат банклари томонидан кредитлар ажратиш ишларини ташкиллаштириш;

аҳолининг шахсий томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланиш юзасидан таклифлар бериш, уларни амалга оширишга кўмаклашиш;

тадбиркорлик билан шуғулланаётган ва фаолият турини кенгайтириш истагини билдирган оилаларга янги лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда айрим сабабларга кўра фаолиятини тўхтатган тадбиркорлик субъектлари ва хунармандлар фаолиятини қайта тиклаш учун тегишли шарт-шароитлар яратилиши ҳамда мавжуд муаммолар ҳал этилишига амалий ёрдам бериш;

тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш, уни амалга оширищда ҳужжатларни расмийлаштириш ва бошқа давлат хизматлари кўрсатилишида тавсиялар ҳамда кўмак бериш;

ҳар ойда камида бир марта тадбиркорликни янги ташкил қилган оилаларга ташриф буюриб, фаолияти давомида юзага келаётган муаммоларни ўрганиб бориш, уларни бартараф этиш ва ажратилган имтиёзли кредитлардан фойдаланиш самарадорлигини ўрганиш;

ўрганиш натижалари бўйича ҳудуд ва республика миқёсида ҳал этилиши зарур бўлган масалалар ва таклифларни Ташкилий мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳларга киритиб бориш вазифалари юклатилсин.

7. Дастур амалга оширилишини мувофиқлаштириш, тизимли мониторинг қилиш ва руёбга чиқарилишига кўмаклашиш Қорақалпоғистон Республикаси молия вазирининг ўринбосари А.Убайдуллаев, Иқтисодиёт вазирининг ўринбосариА.Қайпбергенов, Марказий банкнинг Қорақалпоғистон Республикаси Бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари А.Абдикаримовлар - Дастур координаторларига юклатилсин.

Дастур координаторлари ишчи гуруҳлар томонидан олиб борилаётган ишлар юзасидан ҳар ой якуни бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига ахборот киритиб борсин.

8. Дастур координаторлари зиммасига Нукус шаҳри ва туманларда кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан самарадорлиги юқори, барқарор иш ўринлари яратишга қаратилган лойиҳаларга энг кам иш ҳақининг минг бараваридан ортиқ миқдорда Дастур доирасидаги ресурслар ҳисобидан имтиёзли кредит ажратишга Ташкилий мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳларнинг қарорига асосан хулоса бериш вазифаси юклатилсин.

Ташкилий мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳ аъзолари ўз қарори асосида имтиёзли кредит ажратилган лойиҳаларнинг тўлиқ ишга туширилиши ҳамда келгусида ушбу лойиҳаларнинг самарали ишлашини мониторинг қилсин.

Дастур координаторлари Ташкилий мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳнинг қарори асосида кредит ажратилган инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ҳолатини алоҳида назорат қилиб борсин.

9. Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги (Содиқов) суғурта ташкилотлари билан биргаликда тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитларнинг қайтмаслик хатари суғурталанганда суғурта тўловини 
1,5 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда белгилаш ҳамда суғурталаш шартларини белгиланган тартибда енгиллаштириш чораларини кўрсин.

10. Қорақалпоғистон Республикаси Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси (Султанов) Нукус шаҳри ва туманлар ҳокимликлари ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда фойдаланилмаётган ер майдонларини инвентаризациядан ўтказиб, белгиланган муддатларда фойдаланилмаган ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда бекор қилиниши ҳамда ушбу ер майдонларини Дастур доирасида фаолиятини бошлаётган ва кенгайтираётган тадбиркорлик субъектларига ажратиш юзасидан зарурий чоралар кўрсин.

11. Қорақалпоғистон Республикаси Давлат солиқ бошқармаси (Қарабаев) давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият юритаётган тадбиркорларни аниқлаш ва улар фаолиятини қонунийлаштириш юзасидан аниқ чора-тадбирларни амалга оширсин ва натижаси юзасидан ҳар чорак якуни бўйича Вазирлар Кенгашига ахборот киритиб борсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги Қорақалпоғистон Республикасидаги вакили (Жоллибеков) Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси (Зарикеев), Нукус шаҳри ва туманлар  ҳокимликлари манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда мунтазам равишда ҳудудлардаги замонавий минитехнологиялар ва бошқа ускуналар сайёр кўргазмаларини ташкил қилиш чораларини кўрсин.

13. “Қорақалпоғистон телерадиокомпанияси” (Нағметов), Матбуот ва ахборот агентлиги (Бекмуратов) мазкур қарор билан белгилаб берилган мақсад ва вазифаларни белгиланган тартибда кенг кўламда ёритиш тавсия этилсин.

14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилишни 
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосарлари зиммаларига юклатилсин.

 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси

 

                         Қ.Сариев